Туркия самолётимизни уриб туширди – Арманистон Анқарани айблаб, Кремлга шикоят қилмоқчи

Олам 24384
image

Арманистон Мудофаа вазирлиги Туркия Арманистон Қуролли кучларининг Су-25 самолётини уриб туширганини иддао қилиб чиқди.

Арман томонининг маълумотига кўра, Су-25 самолёти Арманистон ҳаво ҳудудида Туркиянинг F-16  қирувчи самолёти томонидан уриб туширилган.

Бунга жавобан Арманистон ўзи аъзо бўлган Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилотига мурожаат қилиш ниятида. Бу ҳақда Арманистоннинг Россиядаги элчиси маълум қилди.

Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти бошида эса Россия туради. Унга шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Беларусь аъзо.

Расмий Анқара Ереваннинг турк қирувчиси Арманистон Қуролли кучлари самолётини уриб туширгани ҳақидаги айбловини рад қилди.

Туркия Президенти маъмуриятининг алоқа бўлими раҳбари Фаҳреттин Адтун “Bloomberg” агентлигига берган интервьюсида Ереваннинг баёноти мутлақо нотўғри эканини эътироф этган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ҳам Туркиянинг F-16 қирувчиси Арманистон Ҳарбий ҳаво кучларининг Су-25 самолётини уриб туширмаганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Арманистон ҳам 4 нафар тинч аҳволи вакиллари қурбон бўлганини айтиб чиққанди. Кейинроқ Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳужумларда 10 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини маълум қилди.

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари кеча, 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади

Айни вақтда аксарият мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар икки тарафдан ўт очишни зудлик билан тўхтатиб, музокаралар столига қайтишни сўрамоқда. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 482
Рейтинг: 3
t
×