Туркия бўйлаб катта миқдордаги сохта долларлар тарқалиб кетди  

Олам

image

Туркияга хориждан кирган сохта доллар купюраларининг умумий қиймати 1 миллиард доллардан ошиши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Ekonomim” хабар берди.

Нашрга кўра, аввалроқ Туркияга тахминан 600 миллион доллар қийматдаги қалбаки банкнотлар контрабанда йўли билан киритилгани маълум бўлган. Улардан катта қисми 50 доллар номиналдаги купюралардан иборат бўлиб, шу сабабли айрибошлаш пунктлари ва банклар ушбу номиналдаги, шунингдек, эски 100 долларлик банкнотлар билан операцияларни вақтинча тўхтатган. Мутахассисларнинг фикрича, сохта долларларнинг асосий қисми Сурия, Эрон ва Болқон мамлакатларидан киритилган.

Нашр маълумотига кўра, қалбаки валюта билан биринчи операция Сурия чегарасига яқин жойлашган Газиантеп шаҳрида амалга оширилган. Бундан ташқари, қалбаки долларлар Анталия, Измир ва Истанбулда ҳам аниқланган.

“Haberturk” телеканали хабарига кўра, турк банклари ҳафта давомида доллар билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари ҳақида ёзма огоҳлантириш олган.

“Банкнотлар билан операцияларни амалга ошираётганда, айниқса 100 долларлик банкнотларга нисбатан эҳтиёткор бўлиш керак”, дейилади банкларга юборилган мактубда.

Туркия Ваколатли ташкилотлар ва валюта айирбошлаш пунктлари ассоциацияси бошқарув кенгаши аъзоси Мустафо Унвернинг маълум қилишича, яқин кунларда валюта айирбошлаш пунктларида банкнота ҳисоблагичларини янгилаш режалаштирилган.

CNN-Turk телеканалига кўра, бу жараён камида бир ой давом этиши мумкин. Банк секторидаги мутахассислар қалбаки купюралар жуда юқори сифатда ишлаб чиқарилгани ва оддий фуқаролар учун уларни ҳақиқийсидан ажратиш деярли имконсиз эканлигини таъкидламоқда. Маълумотларга кўра, Истанбулнинг бир қанча валюта айирбошлаш пунктлари 50 доллар номиналдаги, шунингдек, эски 100 долларлик купюраларни қабул қилмаяпти. Шунингдек, улар ушбу банкнотларни қаерда алмаштириш мумкинлиги борасида маълумотга эга эмасликларини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркияда истиқомат қилувчи ўзбекистонликлар мамлакатда сохта 50 долларлик купюралар, баъзан эса 100 долларлик купюралар тарқалаётганидан огоҳлантирилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия сохта доллар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг