Туркия Аш-Шарани қўллашда давом этади – Эрдўған
Олам
−
21 Июль 2038 3 дақиқа
Туркия ўтиш даврида Сурия президенти Аҳмад аш-Шарани қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу ҳақда Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 21 июль куни Президент пулидаги журналистларга айтди.
“Биз қатъиймиз, Аҳмад аш-Шарани Сурияда ёлғиз қолдирмаймиз. Биз Суриянинг парчаланишини истамаймиз, Суриянинг тикланишини мамлакатимиз учун ижобий омил деб биламиз. Чунки Суриянинг тикланиши унинг биз билан муносабатларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади”, деди Эрдўған.
Унга кўра, аш-Шара Сурия жанубидаги можаро бўйича қатъий позицияни эгаллаган. Ҳозирча ҳеч қандай имтиёзлар бўлмаган. Исроил доимий равишда бутун минтақани оловга ботирмоқчи. Бу уринишлар чоғида Сурия позициясини ҳисобга олган ҳолда, жойлашув жараёни эҳтиёткорлик билан давом эттирилган. Сурия 2,5 мингга яқин аскар ёрдамида минтақани назорат остига олган.
Туркия Президентининг таъкидлашича, Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан АҚШнинг Сурия бўйича махсус вакили Том Баррак ва суриялик мавқедоши Асад ал-Шибоний билан доимий алоқада.
“Жараён разведка ва Мудофаа вазирлиги орқали ҳам кузатилмоқда”, деди Эрдўған.
Унинг сўзларига кўра, Туркия суриялик қочқинларнинг ватанларига қайтишига ёрдам беришда давом этади.
“Биз билан бирга бўлган сурияликларнинг ихтиёрий равишда қайтиши бошланганини кўрамиз. Биз қочқинларнинг ихтиёрий равишда қайтиш жараёнини тезлаштириш учун ҳар томонлама ёрдам берамиз. Қайтиш жараёнини тезлаштириш орқали биз Суриядаги вазият тезда нормаллашишини ва жанубимиз хавфсизлигини таъминлашимизни истаймиз”, деди Туркия Президенти суриялик қочқинларнинг ўз ватанларига қайтиши қўшни давлатда барқарорликни таъминлашга хизмат қилишини таъкидлаб.
Суриядаги жанглар
13 июль куни Суриянинг жанубидаги Сувайда вилоятида друзлар ва бадавийлар ўртасида тўқнашувлар бошланди. Можарога бир друз савдогарининг калтакланиб, ўғирлаб кетилиши сабаб бўлди. Бу воқеа зўравонлик авж олишига олиб келди. 14 июль куни Сурия ҳукумати Сувайда шаҳрига қўшин киритди.
Шундан сўнг, можарога Исроил ҳам аралашиб, Дамашқдаги Сурия ҳарбий объектларига ҳаво ҳужумлари уюштирди. 16 июль куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Дамашқдаги Президент саройи, Бош штаб ва Мудофаа вазирлигига ҳужум қилди. Шу куни маҳаллий гуруҳлар воситачилигида Сувайдада яна сулҳга эришилди, бироқ бунга параллел равишда Исроил авиацияси пойтахт ва Дараа шаҳрига зарбалар берди.
Маълумот учун, друзлар ўзига хос араб тилида сўзлашувчи этно-конфессиявий гуруҳ бўлиб, уларнинг вакиллари Сурия, Ливан, Исроил ва Иорданияда яшайди. Сурияда 700 минг друз истиқомат қилади, бу уларни курдлар ва алавийлардан кейин мамлакатдаги учинчи йирик диний ва этник озчилик қилади.
Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг сўнгги маълумотларига кўра, Сувайдадаги зўравонликларда камида 718 киши ҳалок бўлган. Суриялик инсон ҳуқуқлари фаоллари 146 друз жангчиси ва 245 тинч аҳолининг ўлимини қайд этган. Бундан ташқари, Сурия армиясининг 287 аскари ва 18 бадавий жангчиси, шунингдек, уч бадавий ҳалок бўлди. Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари марказининг маълум қилишича, Исроил ҳаво ҳужумларида яна 15 нафар суриялик аскар ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШнинг Туркиядаги элчиси Том Баррак Исроил ва Сурия АҚШ, Туркия, Иордания ва давлатлар кўмагида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганини маълум қилганди. Сурия муваққат президенти маъмурияти ҳам бутун мамлакат бўйлаб кенг қамровли ўт очишни тўхтатиш режимини эълон қилди. Бироқ Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари Сурия жанубидаги Сувайда ва Дараа вилоятлари чегарасида араб қабилавий кучларининг позицияларига ҳужум қилди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь