Туркий давлатлар етакчилари Cybertruck’да қўриқланади
Олам
−
14 Май 2432 2 дақиқа
Туркистонда бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” мавзусидаги норасмий саммитида Tesla Cybertruck мобиль мажмуаларидан фойдаланилади. Бу ҳақда Қозоғистон Давлат қўриқлаш хизматига (ДҚХ) таяниб “Tengrinews.kz” хабар берди.
ДҚХнинг қайд этишича, Tesla Cybertruck платформасида яратилган қўмондонлик-штаб машинаси ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ва давлат раҳбарлари учрашувларини техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун навбатчиликка чиқарилган.

“Қозоғистонда хавфсизликни таъминлаш учун Tesla Cybertruck электропикаплари базасидаги махсус автомобиллардан фойдаланиш илк бор амалга оширилмоқда. Юқори технологияли ушбу машиналар Туркистондаги халқаро тадбир давомида бўлинмаларни мувофиқлаштириш ва ҳудудни тезкор мониторинг қилиш вазифаларини бажаради”, дейилади Давлат қўриқлаш хизмати хабарида.
Таъкидланишича, мажмуанинг техник жиҳозланиши штаб ускуналари ва алоқа тизимлари ишини ташқи қувват манбаларисиз ташкил этиш имконини беради. Электромобиль аккумуляторларининг сиғими компьютерлар ва махсус алоқа воситаларининг узоқ вақт давомида мустақил (автоном) ишлашини таъминлайди.

Яна бир муҳим омил – Tesla Cybertruck’нинг электрокар эканлигидир. Бу нафақат унинг шовқинсиз ишлашига имкон беради, балки уни расмий учрашувлар ўтказиладиган жойларга яқин масофада жойлаштиришга ҳам йўл очади.
ДҚХ автомобилни қозоғистонлик тадбиркор идора балансига беғараз (бепул) асосда топширганини алоҳида таъкидлаган.
Маълумот учун, Tesla Cybertruck аллақачон Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ҳам қўлланилмоқда. Бу мураккаб тоғли ҳудудларда қидирув операцияларини ўтказиш зарурати билан боғлиқ. Бундан ташқари, табиатни муҳофаза қилиш зоналари ва туристик йўналишларда электр транспортидан фойдаланиш минтақа экотизимини сақлашга хизмат қилади.
Tesla электромобиллари бир неча йилдан бери бошқа мамлакатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳам ишлатилмоқда. Масалан, Калифорниядаги Фримонт полиция департаменти 2019 йилдан бери ушбу маркадаги патруль машиналаридан фойдаланади. 2020 йилда Таиланд Қироллик полицияси тезкор вазифаларни бажариш учун Tesla Model 3 Performance туркумини қабул қилиб олган. Дубай полицияси эса 2024 йил июнь ойида Cybertruck’ни ўз автопаркига қўшиб, ундан расмий кортежларни кузатиб боришда фойдаланишни бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу саммитда қатнашиш учун Қозоғистонга бориши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси