Тўқаев давлат ташрифи билан Францияга борди (видео)
Олам
−
05 Ноябрь
3330Кеча, 4 ноябрь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлат ташрифи билан Франция Республикасига борди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Париж аэропортида Қозоғистон Президентини Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро кутиб олган.
Бугун, 5 ноябрь куни Елисей саройида Қозоғистон Президентини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Тўқаевни Президент Эммануэль Макрон ҳарбий оркестр жўрлигида кутиб олди. Қозоғистон ва Франция давлат мадҳиялари янгради.
Давлат раҳбарлари Республика гвардияси, аэрокосмик, қуруқлик ва денгиз флоти ҳарбий хизматчиларидан иборат фахрий қоровул сафини айланиб ўтди. Сўнгра расмий делегациялар аъзолари ва фахрий меҳмонларни ўзаро таништириш маросими бўлиб ўтди.
Маълумот учун, Қосим-Жомарт Тўқаев охирги марта 2022 йил ноябрь ойида Францияга расмий ташриф билан борган. Орадан бир йил ўтгач, Тўқаев ва Макроннинг навбатдаги учрашуви Қозоғистонда бўлиб ўтган. Учрашувларда Тўқаев ва Макрон “яшил технологиялар”ни биргаликда жорий қилишга келишиб олган. Қозоғистон Франция атом электр станциялари учун ёқилғи беришга тайёрлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ноябрда Қозоғистоннинг “Казатомпром” миллий компанияси ва Франциянинг Framatome компанияси ядровий ёқилғи айланиши соҳасида ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланганди. Битим компаниялар ўртасида ядровий ёқилғи айланиши соҳасида қўшма истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, мутахассисларни ўқитиш ва тайёрлаш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.
Муҳаммад Ҳодиев