Қозоғистон ва Франция компаниялари ядровий соҳасида битим имзолади
Олам
−
03 Ноябрь 2023
3579Қозоғистоннинг “Казатомпром” миллий компанияси ва Франциянинг Framatome компанияси ядровий ёқилғи айланиши соҳасида ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолади. Бу ҳақда “Казатомпром” матбуот хизмати хабар берди.
1 ноябрь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан Франция Президенти Эммануэль Макроннинг расмий ташрифи бўлиб ўтганди. Ташриф доирасида “Казатомпром” АЖ бошқаруви раиси Меиржан Юсупов ва Framatome компаниясининг сотув ва маркетинг бўйича вице-президенти Винсент Мерсьиер “Казатомпром” ва Framatome ўртасида ядровий ёқилғи айланиши соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битимни имзолаган.
Битим компаниялар ўртасида ядровий ёқилғи айланиши соҳасида қўшма истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, мутахассисларни ўқитиш ва тайёрлаш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.
"Framatome "Казатомпром" учун ядровий ёқилғи айланиши лойиҳаларини ишлаб чиқишда стратегик муҳим ҳамкорлардан биридир. Ишончим комилки, қўшма ҳамкорлик бизга атом энергетикасидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун янги истиқболларни очиш имконини беради”, дейди Юсупов.
Матбуот хизматининг таъкидлашича, томонлар Қозоғистондаги ёқилғи комплектларини ишлаб чиқарувчи биринчи завод доирасида кўп йиллик стратегик шериклик ва ўзаро ҳамкорлик тажрибасига эга. Улар атом саноати соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятида.
Маълумот учун “Казатомпром” АЖ Қозоғистоннинг уран, нодир металлар ва атом электр станциялари учун ядро ёқилғиси импорти ва экспорти бўйича миллий оператори ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Франция Президенти Эммануэль Макрон 1 ноябрь куни Қозоғистонда бўлганди. У Президент Қосим-Жомарт Тўқаев билан яккама-якка ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказди. Макроннинг Қозоғистонга сафаридан олдин “Bloomberg” нашри Франция Президентининг мақсади ўз мамлакатининг энергия хавфсизлигини яхшилаш эканини ёзди. Нигер билан алоқалари ёмонлашган Фрациянинг уранга бўлган эҳтиёжини қондириш учун унга янги ҳамкорлар кераклиги айтилди.
LiveБарчаси