Цукерберг жиу-житсу кўк белбоғини қўлга киритди
Спорт
−
25 Июль 2023
3160Мета компанияси раҳбари Марк Цукерберг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлаётган миллиардер Илон Маскга қарши жанг фонида Бразилиянинг энг оммабоп ҳисобланган жиу-житсу яккакураш тури бўйича кўк белбоғни қўлга киритди. Бу ҳақда миллиардер Instagram саҳифасида маълум қилди.
“Мураббийим Дейв Камариллони 5-даражали қора белбоғ билан табриклайман. Мен у билан машғулотлар давомида кураш ва ҳаёт ҳақида кўп нарсаларни ўргандим. Шу билан бирга, кўк белбоғни олиш мен учун шараф”, дейди Марк Цукерберг.
Айтиш жоизки, кўк белбоғ жиу-житсу иерархиясида иккинчи ўринда туради. Мазкур спорт турида энг аҳамиятли натижа 10-даражали қизил белбоғ ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёнинг энг кўзга кўринган техногигантлари – Меtа ва Тwitter'нинг эгалари Марк Цукерберг ҳамда Илон Маск ўртасида кечаётган технологик “жанг” тобора авж олиб бораётган бир вақтда улар ММА спорти бўйича ҳам ўзаро баҳслашишга келишиб олган эди. Шундан сўнг, миллиардерларнинг ҳар иккаласи машхур спортчилар ҳамроҳлигида машғулотларга кириша бошлади. Аввалига Илон Маск Цукербергга қарши жангга UFC афсонаси Жорж Сен-Пер, жиу-житсу мураббийи Жон Данахер ва подкастер Лекс Фридман билан бирга тайёргарлик кўра бошлаганди. Кейинчалик Цукерберг UFC чемпионлари Исраэль Адесанья ва Александр Волкановски билан жиддий машғулот ўтказди.
LiveБарчаси