Трамп Саудиядан чиқиб, Қатарга борди (видео)
Олам
−
14 Май
5314Бугун, 14 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонидаги расмий ташрифини якунлаб, Қатар мамлакатига ташриф буюрди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Маълум қилинишича, Трампнинг Air Force One самолёти Қатар аэропортига қўнган. Уни Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний аэропортда кутиб олган. Ташриф давомида Фаластиннинг Ғазо секторидаги вазият ва Қатар воситачилардан бири бўлган ҲАМАС ҳаракати ва Исроил ўртасидаги музокаралар муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Бу Оқ уй раҳбарининг Форс кўрфазидаги халқаро сафарининг иккинчи босқичи саналади. У Қатар пойтахти Доҳага қўнган. Трамп Амири Диван қароргоҳида бир гуруҳ расмийлар билан АҚШ миллий мадҳияси ижро этилган ҳолда кутиб олинган.
Трампнинг кейинги манзиллари сифатида БАА (Бирлашган Араб Амирликлари) ва эҳтимолий тарзда Туркия кўрсатилган.
Саудия Арабистонида ташриф қандай ўтди?
Трамп кеча, 13 май куни Саудия Арабистонига етиб келиб, ядро қуролсизланиш, хавфсизлик ва технологик ҳамкорлик бўйича катта миқёсдаги келишувлар имзолаганди. Асосий эътибор қуйидаги йўналишларга қаратилган:
142 миллиард долларлик қурол-яроғ савдоси бўйича шартнома тузилган.
Бу доирада Саудия Арабистонига энг замонавий ҳарбий техника ва хизматлар етказиб берилади.
Ҳамкорлик ҳаво ҳужумидан мудофаа, космик технологиялар, денгиз ва чегаралар хавфсизлиги, АКТ тизимларини қамраб олади.
Саудия ҳарбий кучлари салоҳиятини ошириш учун кенг кўламли тайёргарлик дастурлари ҳам назарда тутилган.
Сурия бўйича кескин бурилиш
Саудия Арабистонида бўлиб турган пайтда Трамп Сурияга қарши барча АҚШ санкцияларини бекор қилишини эълон қилди. Бу қарор ижтимоий ва дипломатик доираларда катта резонансга сабаб бўлди. Трамп, шунингдек, Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашди ва уни Исроилни тан олиш ва Иброҳим келишувларига қўшилишга даъват этди.
LiveБарчаси