Бизнес учун қарийб 500 миллиард доллар. Трамп янги қонунни имзолади

Олам 2389
image

АҚШ Президенти Дональд Трамп жума куни коронавирус ва унинг оқибатлари билан курашиш учун қарийб 500 миллиард долларга тушадиган молиявий ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. маблағнинг асосий қисми мамлакатдаги кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун сарфланади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида шифохоналар ва тиббиёт ходимларига 75 миллиард доллар ва COVID-19 синов дастурини кенгайтириш учун 25 миллиард доллар ажратиш кўзда тутилган. АҚШ Конгрессида ушбу ҳужжат бир овоздан маъқулланди.

Маълумот учун, март ойида АҚШ 2,3 трлн. долларлик иқтисодий ёрдам пакетини тасдиқланганди. Ушбу ҳужжатда ҳам кичик бизнес учун 350 миллиард доллар ажратилганди.

Эслатиб ўтамиз, Трамп ҳозирда АҚШ иқтисодиётини тезроқ оёққа турғазишга шошилмоқда. У штат губернаторларига тезроқ чекловларни олиб ташлашни тавсия қилган. Жорий йилнинг 20 апрелидан баъзи штатлардаги корхоналарни фаолияти қайта йўлга қўйилишига рухсат берилган. Шунингдек, 16 штатда санитария чекловлари олиб ташланган.

Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда коронавирус билан боғлиқ 925 758 та ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 110 432 нафари соғайган, 52 217 нафари эса вафот этган. Мавжуд беморлар сони 763 109 кишини ташкил қилмоқда.

Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 76
Рейтинг: 2.9
t
×