Трамп қамоқхонадаги суратидан кейин рекорд даражада хайрия йиғди
Олам
−
27 Август 2023
17057АҚШнинг Жоржия штатида расмий ҳибсга олиш жараёнидан ўтган Американинг собиқ президенти Дональд Трамп сайлов кампанияси учун 7,1 миллион долларга яқин хайрия йиғди. Бу ҳақда “Politico” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, 25 август куннинг ўзида Дональд Трамп 4,18 миллион доллар йиғишга муваффақ бўлган. Газетанинг ёзишича, Трамп кампанияси илгари ҳеч қачон 24 соат ичида бундай йирик суммани йиғмаган.
Мақолада келтирилишича, бунга эсдалик совғалари, жумладан, Фултон округи қамоқхонасида республикачининг сурати туширилган футболкалар ва плакатларнинг тарқатилиши ёрдам берган.
АҚШ собиқ президентининг сайловолди штаб-квартираси сўнгги уч ҳафта ичида у кампанияга 20 миллион долларга яқин хайрия жалб қилишга муваффақ бўлганини маълум қилган.
“The Hill” нашрига кўра, Американинг амалдаги етакчиси, қайта сайланишга интилаётган Жо Байден иккинчи чоракда 72 миллион долларга яқин хайрия йиғган. Трамп худди шу даврда 35 миллион доллар, биринчисида эса – тахминан 18 миллион доллар жалб этишга муваффақ бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Жоржия штатидаги Фултон округи қамоқхонасига бориб, у ерда 2020 йилги сайловга аралашиш иши бўйича расмий равишда ҳибсга олинганди. Аммо у 200 минг доллар гаров эвазига озод қилинган. Ҳозиргача Дональд Трампга қарши тўртта жиноий иш очилган. Булар махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш, молиявий ҳисоботларини сохталаштириш, 2020 йилги сайловларда мағлуб бўлганига қарамай, ҳокимиятда қолишга ва сайловлардаги мағлубиятини бекор қилишга уриниш ҳисобланади.
LiveБарчаси