Тожикистоннинг ҳам ташқи қарзи миқдори очиқланди
Олам
−
21 Ноябрь
10749Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатида Тожикистоннинг ташқи қарзи 3 миллиард 250,4 миллион долларни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат Молия вазирлигига таяниб, “Asia-Plus” хабар берди.
Қайд этилишича, Тожикистоннинг ташқи қарзи жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатида 3 миллиард 250,4 миллион долларни ташкил қилган ва бу жорий йилнинг 1 январидаги кўрсаткичдан 0,2 фоизга ёки 7,1 миллион долларга кўпроқ. Ташқи қарзнинг тахминан 96 фоизи тўғридан тўғри давлат қарзидан иборат бўлиб, ҳукуматнинг хизмат кўрсатиш мажбуриятларини бажаришга йўналтирилган. Давлат кафолати остидаги қарз эса 138,8 миллион долларни ташкил этади. Мамлакат ташқи қарзининг ЯИМга нисбати 27 фоиз даражасида бўлиб, бу қулай даражада ҳисобланади.
Энг катта қарздорлик қуйидаги халқаро молиявий институтлар олдида мавжуд:
- Жаҳон банки – 370 млн доллар;
- Осиё тараққиёт банки – 260 млн доллар;
- Ислом тараққиёт банки – 212 млн доллар;
- Европа тикланиш ва тараққиёт банки – 167 млн доллар.
Шунингдек, 2017 йилда Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун йиғилган еврооблигациялар (500 миллион доллар) бўйича асосий қарз ҳам тўланмаган. Тасдиқланган жадвалга кўра, ҳозирча ушбу қимматли қоғозлар бўйича фақат фоизлар тўланмоқда.
Келгуси йилда ҳукумат Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун ривожланиш бўйича ҳамкорлардан кредитлар жалб этиши кутилмоқда, бу эса ташқи қарз ҳажмини сезиларли даражада оширади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилнинг I ярмида Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 37 миллиард долларни ташкил этгани хабар қилинган эди. Шундан давлат ташқи қарзи 30,9 миллиард доллар, ички қарзи 6,1 миллиард долларга етган.
Шунингдек, Қирғизистон Молия вазири Алмаз Бакетаев ҳам давлат қарзи ҳажмини эълон қилганди. Унга кўра, Қирғизистоннинг умумий давлат қарзи ҳажми 6,5 миллиард долларни ташкил қилмоқда, шундан тахминан 4,5 миллиард доллар ташқи, қолган қисми ички қарз.
LiveБарчаси
АҚШ долларининг расмий курси пасайди.
27 Декабрь