Тошкентда ёш боланинг қудуққа тушиб кетишига сабабчи бўлган эркакка ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
21 Январь
8678Аввалроқ, Тошкент шаҳрида бедарак йўқолган 6 ёшли боланинг жасади қудуқдан топилганди. Мазкур ҳодисага сабаб бўлган шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжатлари билан танишди.
Воқеа 2024 йилнинг 9 июль куни Учтепа туманида юз берган. 6 ёшли бола дўконга чиқиб, бедарак йўқолган. Бола қидирувга берилган, аммо эртасига эрталаб боланинг жасади сув билан тўлган люкдан топилган.
Аниқланишича, хизмат кўрсатувчи корхона ишчилари томонидан ёрилган иссиқ сув қувурини таъмирлаш мақсадида ковланган чуқур очиқ ҳолатда қолдирилган ва унинг атрофида хавфсизлик тўсиқлари ўрнатилмаган. Оқибатда юқоридаги нохуш ҳолат юз берган.
Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, боланинг ўлимига юқори нафас йўлларини суюқлик билан беркилиши оқибатидаги механик асфиксия ва иссиқ суюқликдан юзи, бўйни, танаси, думбалари, оралиқ соҳаси ва иккала қўл-оёқларининг I-II даражали 100% тана юзасини термик куйиши оқибатидаги комбинацион жароҳатланиши сабаб бўлгани кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганди.
2024 йилнинг 15 октябрида Сергели тумани жиноят ишлари бўйича суд 32 ёшли У.А.нинг ишини кўриб чиқди. У “Коммуналчи иссиқлик қувваттаъмир” компаниясида монтажчи бўлиб ишлаган. Иш ҳужжатларига кўра, айбланувчи қурилиш объектларида хавфсизлик талабларига риоя қилиш, шу жумладан бегона шахсларнинг киришига тўсқинлик қилувчи ҳимоя тўсиқларини ўрнатиш учун масъул бўлган.
Аммо бу талабларга риоя қилинмагани ва ҳимоя тўсиқлари йўқлиги сабабли бола очиқ қувурга тушиб кетган ва ҳалок бўлган. Суд эркакни Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисми “а” банди (тоғ-кон, қурилиш ёки портлаш хавфи бўлган ишларда хавфсизлик қоидаларини бузиш натижасида одамнинг ўлимига олиб келиш) бўйича айбдор деб топди. Унга 1 муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, иш ҳақининг 15 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Эркак бу ҳукмга рози бўлмай, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича кассация инстанциясига шикоят аризаси билан мурожаат қилди. 2025 йилнинг 14 январида эркакнинг даъвоси кўриб чиқилди. Айбланувчининг адвокати ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тўлиқ ва холис тергов ўтказмаганини таъкидлади. Судланувчининг сўзларига кўра, у компанияда фақат 2024 йилнинг 11 ёки 12 июлида оғзаки келишув асосида иш бошлаган.
Эркак, шунингдек, воқеа содир бўлган объектда ишламаганини айтган ва воқеадан сўнг компания раҳбари уни чақириб, бўлиб ўтган воқеа учун маъмурий жавобгарликни эркакка юклаш ниятида эканини ва жарима ҳамда бошқа харажатларни қоплашни ваъда қилганини маълум қилган. Судланувчи бунга розилик билдирган, чунки унга пул керак бўлган.
Бироқ гувоҳларнинг кўрсатмалари, айбланувчининг меҳнатни муҳофаза қилиш ва объектларда техника хавфсизлиги учун масъул этиб тайинланганини тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа далиллар асосида суд эркакка нисбатан ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.
LiveБарчаси