Тошкентда учта туман ҳокими лавозимидан озод этилди
Local
−
13:54 3923 2 minutes
Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманлари ҳокимлари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Гулноза Қосимова маълум қилди.
Унинг билдиришича, Чилонзор туманига раҳбарлик қилиб келаётган Саидқаҳҳор Холхўжаев, Яшнобод тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Бахтиёр Раҳмонқулов ва Янгиҳаёт тумани ташкил этилганидан буён унга раҳбарлик қилиб келган Ҳаёт Иноғомовлар бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз лавозимидан озод этилган. Ҳозирча уларнинг кейиги иш жойи маълум эмас.
Маълумот учун, Саидқаҳҳор Муҳаммадкарим ўғли Холхўжаев 2022 йилнинг август ойида Чилонзор туманига янги ҳоким тайинланганди. Ундан олдин Холхўжаев Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан ишлаган.
Шунингдек, Бахтиёр Тугамбоевич Раҳмонқулов 2020 йилнинг августида Яшнобод туманининг ҳокими этиб тайинланганди. Ундан олдин у Тошкент шаҳар ҳокими ўринборсари – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
Шу билан бирга, Ҳаёт Илясович Иноғомов 2020 йилнинг ноябрь ойида Янгиҳаёт тумани ҳокими лавозимини эгаллаган. Ундан олдин эса Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари – Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дониёр Муқумжонович Юсупов Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари – Шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди.
Live
All