Тошкентда тиббиёт ходимлари калтакланди
Жамият
−
20 Февраль 2021
33231Кеча, 19 февраль Тошкентда тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари тазйиққа учраб, жароҳатланди. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тунги соат 23:13 да тез тиббий ёрдам Саll-марказига Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Яшнобод 6-тор кўчасидаги хонадонларнинг биридан чақириқ тушган. Тез тиббий ёрдам бригадаси чақирув жойига соат 23:25 да етиб бориб, хонадондаги бемор тезкор тиббий кўрикдан ўтказилган ва 23:40 да беморнинг аҳволи ўта оғир бўлганлиги учун зудлик билан пойтахтдаги И.Иргашев номли 4-сон шаҳар клиник шифохонасига етказилган.
Муассаса бош шифокори Б. Мамажоновнинг маълум қилишича, шифохонада 52 ёшли бемор Д.Н.га “Гипертония касаллиги. Гипертоник криз. Ўпка шиши ва агонал ҳолат” ташхиси қўйилиб, зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган.
У пайтда беморнинг ҳолати оғир бўлиб, кўз қорачиғи кенгайган, фотореакция аниқланмаган, нафас активлиги кузатилмаган ҳолатда бўлган, уйқу артериясида ҳам пульсни аниқлаб бўлмаган ва шу тариқа беморда клиник ўлим ҳолати қайд этилган.
Беморга сунъий нафас юбориш, юракни бевосита массаж қилиш, дефибриллятор орқали таъсир қилиш ва бошқа муолажалар қилиниб, юрак ва нафас реанимацияси 30 дақиқа давомида 3 марта қайта ўтказилган. Стандартлар бўйича амалга оширилган тезкор муолажаларга қарамасдан, беморда биологик ўлим қайд этилган.
Беморнинг вафоти ҳақида яқинларига маълум қилинганда унинг фарзандлари томонидан хизмат вазифасини бажараётган шифокорларга нисбатан сабабсиз жисмоний тазйиқ ўтказилган.
Бунинг оқибатида шаҳар тез тиббий ёрдам хизматининг шифокори, 32 ёшли Д.У.га “Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, чап ёноқ соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, кўкрак қафаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, травматик шок 1,2-даража” ташхиси қўйилган. Яна бир тез тиббий ёрдам хизмат ходими, 21 ёшли А.А. “Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун суягининг ёпиқ синиши, кўкрак қафаси соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши” ташхиси қўйилган. Улар реанимация бўлимига ётқизилган.
Айни ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат йўллаган. Унда юқорида қайд этилган ҳолатни қатъий назоратга олган ҳолда, айбдор шахслар қаттиқ жавобгарликка тортилишини таъминлашда амалий ёрдам сўралган.
LiveБарчаси