Тошкентда “тез ёрдам” шифокорлари “қовун туширди”
Жамият
−
18 Июль 2020
69253Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида фуқаронинг хонадонига чақирувга асосан келган тез тиббий ёрдам гуруҳининг биттадан ортиқ беморни кўрмаслигини айтиб, одамлар билан баҳслашаётгани акс этган видео тарқалди.
Видеода воқеани тасвирга олаётган аёл “Демак, чақирув асосида келиб, фақат битта беморни кўриб, текширасиз бўлди, шунақами”» қабилидаги саволига комбинезон, ниқоб ва кўзига махсус ҳимоя воситаларини тақиб олган тиббиёт ходими “Битта “заявка” берилган, битта” деб жавоб қайтармоқда.
“Нима фарқи бор, битта бўлса, хонадонга келганда иккинчи беморни ҳам кўриб қўйинг”, деган илтимосига яна қайтадан “Бизда қоида шунақа, битта “заявка”га фақат бир нафар бемор кўрилади”, деб гапирмоқда.
Хонадон соҳиби тиббиёт ходимининг жавобидан қизишиб: “Одамгарчилик бўлиши керак-ку ахир, текширадиган ускуналаринг бор. Уйда болалар бор, улардан хавотирдамиз, текшириб қўйсанг бўлади-ку. Агар ўзим аппаратингни ишлатишни билганимда сенга ялинмасдим. Текшириб кетсанг, нима бўлади, ўпкамни эшитиб кўрсанг, нима бўлади?” дейди. Тез ёрдам ходими эса бефарқлик ва совуққонлик билан “Текширмаймиз, ҳеч нарса бўлмайди, шунчаки текширмаймиз”, деб жавоб қайтарган.
Коронавирус Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими абгор аҳволда эканини яна бир бор кўрсатди. Бунга шубҳа йўқ. Бу ерда тиббиёт ходимларининг чарчаётгани, иш ҳажми ортиб кетганини айтиш ноўрин, очиғи. Уларнинг вазифаси шу, ахир қасамёд қабул қилган. Давлат эса тиббиёт ходимларига шароит яратиб бериши керак. Аммо ҳозир бундай бўлмаяпти. Тез тиббий ёрдам ходимларининг хонадондаги бир беморни кўриб, иккинчисини ташлаб кетиши профессионалликка умуман тўғри келмайди. Минг афсуски, охирги вақтларда ССВ бундай ҳолатларга муносабат ҳам билдирмай қўйди. Вазирлик “қовун туширишлар” кўпайиб кетганидан изоҳ ҳам тополмаяпти, чоғи...
LiveБарчаси