Тошкентда тез тиббий ёрдам шифокори калтакланди
3-саҳифа
−
04 Июнь
6971Тошкент вилоятида 26 ёшли йигит чақирув бўйича келган тез тиббий ёрдам шифокорини калтаклади. Бу ҳақда Тошкент тумани ҳокимлиги хабар берди.
Билдирилишича, жорий йилнинг 1 июнь куни соат 16:35 да Тошкент тумани Дилкаш кўчасида яшовчи 1998 йилда туғилган Ж.О.дан бош оғриғи шикояти билан мурожаат келиб тушган. Чақирув соат 16:39 да энг яқин “Янгиобод” шаҳобча бригадасига узатилган. Шифокор ва фельдшердан иборат бригада манзилга соат 16:45 да етиб борган. Бемор шифокорга бош оғриғи, безовталик, умумий холсизлик шикоятлари борлигини ва буйрак касаллиги бўйича даволанаётганини айтган.
Шифокор оғриқни қолдириш учун фельдшерга оғриқ қолдирувчи дори воситасини шприцга тортиб тахлашини айтган. Шу вақтда шифокор беморга қўшимча касалликлари бўйича саволлар берган, бемор эса шифокорга қараб “сан кимсан, ишингни тезроқ қил” деган ва ўрнидан туриб, тўсатдан шифокорнинг юзига мушт билан урган. Шифокорнинг лаби ва пастки жағ соҳасидан қон кетишни бошлаган ва бироз вақтга шифокорда карахтлик ҳолати кузатилган. Ҳолат бўйича ҳудудий профилактика инспекторига хабар берилган.
Шифокор бошқа бригада билан ТТА-3 Юз-жағ жарроҳлиги бўлимига олиб келинган. Жароҳат жойи тикилиб, қон оқиши тўхтатилган. Шифокор ишини давом эттириш мақсадида иш жойига қайтган. Бироз вақтдан сўнг, шифокорда бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши, умумий холсизлик кузатила бошлаган ва зудлик билан ТТА-2 клиникасига госпитализация қилинган. ТТА-2 Нейрохирургия бўлимига соат 23:45 да “бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг томон пастки лаб соҳасида тикилган жароҳати, ўнг пастки жағда юмшоқ тўқималар лат ейиши” ташхис билан ётқизилган. Ҳозирги вақтда бемор-шифокор бўлимда тиббий муолажаларни қабул қилмоқда.
“Шу ўринда, шифокор ариза билан тегишли органларга мурожаат қилган тақдирда, шифокорни калтаклаган фуқарога нисбатан қасддан жароҳат етказганлик учун жиноий иш қўзғатилишини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қувасой шифохонасида бош шифокор пичоқланганди.
LiveБарчаси