Тошкентда коронавирусдан даволанганлар 800 га яқинлашди

Жамият 5465
image

Бугун, 19 май куни Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан 17 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан 7 нафар, жами 24 нафар бемор бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан тузалганларнинг 8 нафари эркак, 9 нафари аёл бўлиб, 11 нафари Тошкент вилоятидан, 2 нафари Тошкент шаҳридан, 1 нафардан Самарқанд, Сирдарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларидан. Уларнинг 13 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. 1 нафари Шаржа-Тошкент йўналишида, яна 1 нафари Санкт-Петербург-Тошкент йўналишида чартер рейслари билан, 1 нафари Тожикистондан, яна 1 нафари эса Россиядан Қозоғистон орқали келган ва карантинга  олинган. Коронавирус аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Беморлар орасида энг ёши каттаси 47 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 14 ёшда. 

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан тузалганларнинг барчаси эркак, 1 нафардан Жиззах, Хоразм, Наманган, Сирдарё, Тошкент, Самарқанд вилоятларидан ва яна бир нафари Россия Федерациясидан. Улардан 6 нафари чет элдан (3 нафари Россиядан, 1 нафардан Қозоғистондан, Тожикистондан ва Литвадан) келган бўлиб, карантинга  олинган. Коронавирус аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Бир нафар фуқаро эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Беморлар орасида энг ёши каттаси 49 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда. 

Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар 772 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 796 нафарга етди.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 2338 нафарни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозиргача 2802 кишида коронавирус аниқланди. Бугунгача беморларнинг 13 нафари вафот этган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 105
Рейтинг: 3
t
×