Тошкентда қарийб 6 млрд сўмлик газни ўғирлаган цех аниқланди (видео)
3-саҳифа
−
17 Апрель 3213 1 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида 5 миллиард 775 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган металл эритиш цехи аниқланди. Бу ҳақда “Ҳудудгаз Пойтахт” хабар берди.
Қайд этилишича, “Ҳудудгаз Пойтахт” ГТФ комплаенс назорат тузилмалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган тадбир ўтказилган.
Туманнинг “Спутник-3” мавзесидаги “Б.Б.” МЧЖга қарашли бинода металл эритиш цехи ташкил этилиб, газ таъминоти корхонаси билан тегишли шартномани қайта тузмасдан, ўчириш мосламасига ўрнатилган бир марталик тамғага қасддан шикаст етказган ҳолда табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан тегишли тартибда далолатнома тузилиб, қайта ҳисоб-китоб амалга оширилган ва 5 миллиард 775 миллион сўмлик зарар ҳисобланган. Барча ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот органларига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида 1,4 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган масъулияти чекланган жамият фош этилганди.