Тошкентда яна бемор “тез ёрдам” шифокорини ўласи қилиб дўппослади

3-саҳифа 11028
image
-

Кеча, 26 март куни Тошкентда чақирув асосида фуқаро хонадонига борган тез тиббий ёрдам шифокори калтакланди. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, соат 23:43 да Тошкентдаги  “103” диспетчерлик хизматига  Миробод туманида истиқомат қилувчи 19 ёшли фуқаро А.дан чақириқ келиб тушган. 

Кўрсатилган манзилга тез тиббий ёрдам бригадаси (шифокор – 1995 йилда туғилган Бахромжон Ҳазратов) 7 дақиқа ичида зудлик билан етиб борган. Бемор кўрикдан ўтказилаётган вақтда тўсатдан шифокор Б. Ҳазратовга сабабсиз ташланиб, унинг бошига қаттиқ жисм билан уриб, оғир тан жароҳати етказган. 

Шифокорнинг олган жароҳатидан кучли қон кетаётгани сабабли воқеа жойидан тез тиббий ёрдам автомашинасида Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникасига олиб борилган. Кейинчалик эса беморнинг аҳволи яхши эмаслиги ва жароҳати ўта оғирлигини  инобатга олиниб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ўтказилган. 

“26 ёшли тез тиббий ёрдам шифокори Б. Ҳазратов айни пайтда марказимизнинг нейрореанимация бўлимида оғир аҳволда интенсив даво муолажаларини олмоқда. У ҳозир оғир аҳволда, беморга бош мия ёпиқ жароҳати, бош миянинг ўрта даражадаги лат ейиши, бош тепа ва энса соҳаларидаги йиртилган жароҳат ташхиси қўйилган”,  дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов

Даставвал, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникасига олиб борилган Б. Ҳазратовнинг бошидан кучли қон кетаётганлиги сабабли қон тўхтатиш учун бошнинг тепа ва энса соҳаларидаги жароҳатга 4 та чок қўйилган. 

Маълумот учун, Тошкент шаҳри тез тиббий ёрдам бригадалари томонидан  шу йилнинг январь ойида 82 минг 462 та, февраль ойида  80 минг 290 та ва 1 мартдан то 27 мартгача 80 минг 531 та чақириқларга ўз вақтида  зудлик билан  тиббий ёрдам кўрсатилган.  Ўтган йил ушбу тизимга   мамлакатимиз бўйича 11 ярим миллиондан ошиқ мурожаатлар келиб тушган. 

“Албатта, айбдорлар қонун доирасида ўз қилмишига яраша жавобгарликка тортилади. Вазирлик бу учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан айбдорларга нисбатан тегишли жазо чораларини қўллашни талаб этиб, уни назорат қилади”, дейилади хабарда.

Аввалроқ, Тошкентда маст бемор шифокорни дўппослаб, оғир аҳволга тушириб қўйгани хабар қилинганди. Шунингдек, март ойи бошида Жиззахда, февраль ойида Тошкентда тез тиббий ёрдам ходимлари калтакланганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 352
Рейтинг: 3
Теглар
t
×