Тошкентда маст бемор шифокорни калтаклаб, оғир жароҳат етказди
Жамият
−
25 Март 2021
6743Кеча, 24 март куни Тошкентда маст фуқаро Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокорини калтаклади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Кечки пайт соат 23:15 ларда РШТЁИМнинг токсикология қабул бўлимига пойтахтнинг Олмазор туманида истиқомат қилувчи 37 ёшли фуқаро У.Н. онаси ҳамроҳлигида текширувга олиб келинган.
Беморнинг онаси токсиколог хонасида ўз хизмат фаолиятини ўтаётган навбатчи шифокор Н.Тoшпўлатовага ўғли бир неча кундан бери спиртли ичимлик ичаётганлигини билдирган.
Навбатчи шифокор ўша вақтда бошқа беморни тиббий кўрикдан ўтказаётганлигини ва бундан сўнг уларни ҳам қабул қилиб, керакли ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.
Шунга қарамай, беморнинг онаси тиббиёт ходимларига нисбатан турли ҳақоратли ва туҳмат сўзлар билан эътироз билдиришни бошлаган. Бу ҳам етмагандек бемор У.Н. тўсатдан шифокор Н.Тoшпўлатовага оғир тан жароҳати етказган.
"Шифокор Н.Тошпулатовада бош мия шиши асорати кузатилиб, “Кўшма краниофациал жароҳат. Oғир даражадаги бош мия ёпиқ жароҳати. Бош мия оғир даражада лат ейиши. Субарахноидал қон қуюлиши. Бурун суяклари ва бурун тўсиғи синиб силжиши. Энса ва бурун соҳаларни юмшоқ тўқималарининг лат ейиши. Назогеморрея” ташхиси билан нейрореанимация бўлимига ётқизилди", дейди ушбу марказ директори Дониёр Алимов.
Айни пайтда у кучли карахтлик даражасида бўлиб, оғир аҳволда даволанмоқда. Бемор атрофдагиларга секин реакция бериб, мулоқотга киришишга қийналмоқда.
Қайд этилишича, хизмат вазифаси вақтида бемор томонидан ноҳақ калтакланган шифокор Н.Тoшпулатова 2017 йилдан буён шифокор-токсиколог лавозимида ишлаб келмоқда, ўз хизмат вазифасини клиник протоколларга риоя қилиб, талаб даражасида бажариб келган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳуқуқ-тартибот органларидан жамиятда кўпчиликни ўйлантираётган бундай иллатларга қарши курашнинг таъсирчан ва самарали усулларини жорий этиб, шифокорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилишларини талаб қилган.