Тошкентда 500 минг долларлик шартнома тузиб беришни ваъда қилган шахс ушланди
3-саҳифа
−
08 Октябрь
7610Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида тадбиркорга 500 000 АҚШ долларлик шартнома тузиб беришни ваъда қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Шайхонтоҳур тумани бўлими, ДХХ ва ИИББ ходимлари ҳамкорлигида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда “S.S.” МЧЖ раҳбари Н.Ш. (муқаддам судланган) тадбиркор У.И.га танишлари ёрдамида “L.Y.” корхонаси билан 500 000 АҚШ доллари миқдорида қурилиш ишларини бажариш юзасидан шартнома тузиб, буюртма олиб бериши эвазига шартнома қийматининг 10 фоизи миқдорида пул бериши кераклигини айтган. У 50 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида 1,5 миллион доллар эвазига давлат захирасидаги 5 гектарга яқин ер майдонларини мансабдор танишлари ва аукцион ўйинлари орқали олиб беришни ваъда қилган шахслар қўлга олинган эди.