Тошкентда 310 гектар ер майдони давлат ўрмон хўжалигига ажратилади

Жамият

image

Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш, яшиллик даражасини ошириш ва атмосфера ҳавосининг меъёрдан ортиқ ифлосланишининг олдини олиш мақсадида танланган 310 гектар ер майдони Тошкент давлат ўрмон хўжалигига ажратилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Тошкент шаҳрини 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 279-сонли қарорида белгиланди.

Қарорга мувофиқ, мазкур ер участкаларида яшил ҳудудларни кўпайтириш, “яшил белбоғ” ва “яшил боғ”лар барпо этиш ишлари амалга оширилади. Шу билан бирга, ажратилган ерларни хусусийлаштириш, бегоналаштириш, иккиламчи ижарага бериш, уларнинг майдонини қисқартириш, экилган дарахтларни бошқа жойга кўчириш ҳамда кўкаламзорлаштириш лойиҳалари доирасидан ташқари ҳар қандай қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланади.

Лойиҳани амалга ошириш учун уч ой муддат белгиланган. Масъул ташкилотлар этиб Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги белгиланган.

Шунингдек, бир ой муддатда Тошкент шаҳрида аҳоли яшаш пунктларидан 15 дақиқалик пиёда масофада, шу жумладан, устувор равишда кўп қаватли уйлар туташ бўлган бўш ер майдонларида намунали тарзда кичик яшил боғлар ташкил этиладиган ҳудудлар аниқланиб, уларнинг рўйхати тасдиқланади.

Бу вазифани Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги амалга оширади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳридаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ҳудудида ноёб тут дарахтлари сақлаб қолинган ҳолда экобоғ, сокин ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган сайилгоҳ ҳамда тематик ва кўп функцияли кўнгилочар масканлар барпо этилиши хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг