Тошкентдаги Ипакчилик институти ҳудудида кўнгилочар маскан қурилади

Жамият

image

Тошкент шаҳридаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ҳудудида ноёб тут дарахтлари сақлаб қолинган ҳолда экобоғ, сокин ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган сайилгоҳ ҳамда тематик ва кўп функцияли кўнгилочар масканлар барпо этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Тошкент шаҳрини 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 279-сонли қарорида белгиланди.

Лойиҳага мувофиқ, институтнинг тегишли ҳудуди мавжуд бино ва иншоотлари билан биргаликда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигига бепул ўтказилади. Шунингдек, мавжуд бино ва иншоотларни бузиш, янги қурилиш ва реконструкция ишларини амалга оширишга рухсат берилади.

Лойиҳа якунланиб, тематик ва кўп функцияли кўнгилочар масканлар ҳамда хизмат кўрсатиш нуқталари фойдаланишга топширилгандан сўнг, улар тайёр бизнес шаклида ер участкалари билан бирга алоҳида лотларга ажратилган ҳолда аукцион савдоларига чиқарилади.

Ер майдонлари, бино ва иншоотларни сотиш ҳамда ижарага беришдан тушган маблағлар (баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилган ҳолда) Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигининг махсус ҳисобварағида жамланади ва туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тадбирларига йўналтирилади.

Лойиҳани 2026–2027 йилларда амалга ошириш режалаштирилган. Масъул ташкилотлар этиб Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур қарорга мувофиқ, “Чорсу” бозори ва “Эски Жува” мажмуаси ҳудудлари комплекс реконструкция қилиниши хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг