“Чорсу” бозори ва “Эски Жува” мажмуаси комплекс реконструкция қилинади
Жамият
−
30 июл 2803 2 дақиқа
“Чорсу” бозори ва “Эски Жува” мажмуаси ҳудудлари комплекс реконструкция қилинади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Тошкент шаҳрини 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 279-сонли қарорида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Вазирлар Махкамасига “Чорсу” бозори ва “Эски Жува” мажмуаси ҳудудларини комплекс реконструкция қилиш концепцияси бўйича таклифларни ишлаб чиқиши ва киритиши лозим.
Бунда қуйидагиларни назарда тутилиши таъкидланган:
“Чорсу” бозорининг меъморий-тарихий элементарини сақлаш ва реставрация қилиш, жумладан, барча гумбазлар ҳамда улардаги мозаик панноларни тўлиқ сақлаб қолиш;
архитектуравий ечимларда тарихий қиёфани сақлаш, гумбазли композициянинг силуэти ва доминантларини ўзгаришсиз колдириш;
реконструкция ишлари давомида гумбазлар ва мозаикаларга зарар етказилишининг олдини олиш бўйича аниқ чораларни белгилаш;
лойиҳада илмий жамоатчилик, архитекторлар, маданий мерос соҳаси вакилларининг таклиф ва хулосаларини инобатга олиш.
Қарорга кўра, мазкур таъмирлаш ишлари 2026 йил ноябрь якунига қадар битирилиши лозим. Ишга масъул қилиб пойтахт ҳокимлиги ҳамда Маданий меърос агентлиги тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Сайилгоҳ ҳудудидаги барча бино ва иншоотларни “дизайн-код” асосида таъмирлаш ишлари амалга оширилиши хабар қилинганди.
Live
Барчаси