Тошкентда 163 млн сўмлик дарахтлар ноқонуний кесилди
Жамият
−
06 Июль 2019
5176Тошкентнинг Юнусобод туманида 11 та дарахт ноқонуний кесилгани аниқланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 4 июль куни Tошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига Юнусободдаги дарахтлар ноқонуний кесилаётганлиги хақида хабар келган. Хабар шу каби вазиятлар учун махсус яратилган Telegram`даги @EcoControl_bot орқали етказилган.
Тезкор суриштириш ишлари натижасида ҳақиқатдан ҳам Юнусобод тумани, 4-мавзе, “Биллур” маҳалласида диаметри 51 см.дан 78 см.гача бўлган 11 та дарахт ноқонуний кесилганлиги аниқланган.
Дарахтлар кесилиши “M.C.S.” MЧЖ томонидан амалга оширилган. Табиатга келтирилган зарар жами 163 663 929 сўм деб баҳоланган.
Ушбу ҳолат бўйича туман Экология инспекцияси томонидан расмийлаштирилган барча ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.
Бундан аввалроқ, 25 июнь куни пойтахт ҳокимияти Юнусобод туманидаги Навоий кўчасида ноқонуний дарахт кесилиши ҳолати аниқлангани ҳақида хабар берган эди. Бироқ, ўшанда QALAMPIR.UZ мазкур жараёнга бевосита алоқаси бўлган ва бўлмаган 10 дан ортиқ ходим суд қарорисиз шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг буйруғи билан ҳибсга олинганини аниқлаб, ҳолат бўйича "Ортиқхўжаев ва унинг ҳокимияти қонунни менсимайди...ми?" номли мақола эълон қилганди.
Умид қиламизки, бу сафар ноқонуний дарахт кесилиши ҳолатига қонун доирасида ортиқча машмашаларсиз чора кўрилган.