Тошкентда 16 туп дарахт ноқонуний кесилди

Жамият

image

“Яшил макон”, дарахтлар кесилишига қарши мораторий ва шу каби кўкаламзорлаштириш мақсадида қатор чора-тадбирлар кўрилаётганига қарамай, дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳамон кузатилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида 16 туп дарахт ноқонуний равишда таг қисмидан кесиб ташланган. Бу ҳақда бугун, 19 ноябрь куни Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, дарахтлар Яшнобод тумани “Илтифот” маҳалласи ҳудудидаги қурилиш объектида кесилгани аниқланган.

Оқибатда Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 37-моддаси талаблари бузилиб, ўсимлик дунёсига кўп миқдорда зарар етказилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, зарар миқдори 3 миллиард 514 миллион 200 минг сўмни ташкил этмоқда.

Маълум қилинишича, ўрганиш натижаси бўйича тўпланган материаллар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, туман прокуратурасига тақдим этилган.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойининг сўнгида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида 30 га яқин дарахтлар номаълум шахслар томонидан кесиб ташлангани маълум бўлган эди.

Маълумот учун, 2021 йил 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинганди. Фармон билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

дарахт Яшил макон

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг