Тошкентда 15, 7 ва 3 кунлик электрон йўл чипталари пайдо бўлади
Жамият
−
15 Май 2020
6864Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистика муаммоларини ўрганиш маркази, Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ҳамда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги йўловчи ташишнинг ер усти транспорти йўналишларини мақбуллаштириш ишлари кетмоқда.
“Тошшаҳартрансхизмат” хабарига кўра, мазкур жараёнда асосий эътибор йўналишларни метро бекатларига боғлаш, магистраль йўналишлар ва уларга йўловчиларни олиб чиқувчи ёрдамчи йўналишлар тармоғини яратишга қаратилган.
“Ушбу ўзгартиришлардан мақсад - магистраль йўналишлар ўтадиган кўчалардаги бошқа йўналишлар сонини имкон даражасида камайтириш. Бу йўналишларнинг бир бирини такрорламаслигига, қатнов мунтазамлигини таъминлашга хизмат қилади. Бўшаган автобуслар ҳисобидан транспорт воситалари етишмаётган йўналишларни тўлдириш имконини беради. Бу қатнов интервалини кескин қисқартириб, йўловчиларнинг ортиқча вақт йўқотишларининг олдини олади”, дейилади “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ хабарида.
Мувофиқлаштириш жараёнида магистраль ва шаҳар марказида қатновчи йўналишларга катта сиғимли, ёрдамчи ва шаҳар четидаги йўналишларга эса йўловчилар оқимидан келиб чиққан ҳолда ўрта ва кичик сиғимли автобусларни бириктириш режалаштирилган.
“Йўловчилар манфаатидан келиб чиқиб бундай ўзгаришлар жараёнида автомат тўлов тизимини ҳам такомиллаштириш, ривожлантириш тақозо этилади. Шуни инобатга олган ҳолда 15, 7 ва 3 кунлик электрон йўл чипталарини татбиқ этиш бўйича ҳукумат қарори тайёрланди. Қарорнинг амалга татбиқ этилиши натижасида йўловчилар йўналишдан йўналишга ўтишида ортиқча маблағ сарфламасликлари таъминланади.
Куни кеча ижтимоий тармоқларда дастлабки ўзгартирилган автобус йўналишлари эълон қилинди. Ушбу ўзгаришлар асосан магистраль йўналишлари бўлиб, улар ўтадиган кўчалардан бошқа йўналишларни олиб ташлаш назарда тутилган. Эълон қилинган материалларда магистраль йўналишларига йўловчиларни олиб чиқадиган ёрдамчи йўналишлар ҳақидаги маълумотлар берилмаганлиги юртдошларимизда баъзи бир тушунмовчиликларга ҳам сабаб бўлди.
Эндиликда юртдошларимизда ортиқча саволлар туғилмаслиги ва тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида магистраль йўналишларининг ўзгаришлари, қисқартириладиган йўналишлар ва ёрдамчи йўналишлар ҳақидаги тўлиқ маълумотлар ижтимоий сайт ва тармоқларда эълон қилиб борилади”, дейилади “Тошшаҳартрансхизмат” хабарида.
Аввалроқ, Тошкентда бешта йўловчи оқими энг кўп автобус йўналишларини сезиларли қисқартириш режалаштирилаёгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси