Тошкентда чиптасиз юрган 80 мингга яқин йўловчи жазоланди

Жамият

image

Тошкент шаҳрида жорий йил бошидан бери жамоат транспортидан йўл ҳақини тўламасдан фойдаланган 79 мингдан ортиқ йўловчига нисбатан маъмурий чора кўрилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даври давомида автобусларда чиптасиз ҳаракатланган йўловчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 144-моддаси (транспортда чиптасиз юриш) 5-қисми асосида 79 618 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ҳар бир қоидабузар йўловчига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1/10 қисми, яъни 41 минг 200 сўм миқдорида жарима белгиланган. Ушбу даврда ундирилган жарималарнинг умумий миқдори қарийб 2 млрд сўмни ташкил этган.

Маълум қилинишича, йўл ҳақини ўз вақтида тўлаш жамоат транспорти тизимининг барқарор ишлаши, автобуслар қатнови мунтазамлиги ва хизмат сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

“Ҳар бир тўланган йўл ҳақи – транспорт тизимини яхшилашга қўйилган ҳисса”, дейилади хабарда.

Йўловчилардан жамоат транспортидан фойдаланишда белгиланган тартибларга риоя қилиш ва йўл ҳақини ўз вақтида тўлаш сўралган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида жорий йилнинг дастлабки 3 ой давомида автобусларда йўл ҳақини тўламаслик бўйича 32 450 та ҳолат аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг