Тошкент вилоятида Telegram гуруҳида нашид тарқатган йигит 3 йилга қамалди
3-саҳифа
−
08 Май 2023
17828Тошкент вилояти Оққўрғон туманида Telegram'даги гуруҳига нашид тарқатган 20 ёшли йигит 3 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Олий Суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, айбланувчи Ж. У. га тегишли бўлган iPhone-X русумли мобил алоқа воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилган. У ўзи фойдаланаётган телефон рақамига очилган Telegram профили ёрдамида ўзбек тилидаги “Шаҳид бўлиб кетсак рози бўлингиз” номли “жиҳод” ва “ҳижрат”га даъват қилувчи диний мазмундаги нашидаларни 10 нафар аъзоси бўлган “Алҳамдулиллаҳ” номли гуруҳга тарқатганлиги аниқланган. Шу боис Ж.У.га тегишли бўлган iPhone-X русумли мобил алоқа воситаси ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган.
Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судининг 2023 йил 8 майдаги ҳукмига кўра Ж.У. (2002 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти тугалланмаган олий)га Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
“Суднинг ҳукми қонуний кучга кирмаган бўлиб, тарафлар унинг устидан қонунчиликда белгиланган тартибга мувофиқ юқори турувчи судга апелляция шикояти беришга ёки протест келтиришга ҳақлидир”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг ИР-1719-сонли хулосасида тақдим этилган материалдаги маълумотлар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланганлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда 22 ёшли Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университети талабаси Сардорбек Раҳмонқулов телефонида нашид эшитгани учун Жиноят кодексининг 244-1-моддаси билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Кейинчалик, унга тайинланган жазо шартлига ўзгартирилиб, 2 йил синов муддати белгиланган ва у суд залида қамоқдан озод қилинган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь