Нашид эшитгани учун қамалган Сардорбек Раҳмонқулов озод этилди

3-саҳифа

image

Аввалроқ Тошкентда 22 ёшли талаба йигит телефонида нашид эшитгани учун Жиноят кодексининг 244-1-моддаси билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Унга тайинланган жазо шартлига ўзгартирилиб, 2 йил синов муддати белгиланди ва у суд залида қамоқдан озод қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари маълум қилди.

Қайд этилишича, бугун, 2 март куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида судланувчи Сардорбек Раҳмонқуловнинг ҳимоячиси томонидан келтирилган апелляция шикояти асосида ушбу жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилган.

Судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2 мартдаги ажримига мувофиқ биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгартирилиб, Раҳмонқуловга тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) қўлланилган ҳолда шартлига ўзгартирилиб, 2 йил синов муддати белгиланган ҳамда у суд залида қамоқдан озод қилинган.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида Раҳмонқуловнинг 7 ой 9 кун қамоқда сақлангани инобатга олиниб, асосий жазодан чегириб ташланган.

“Суд жиноят ишини атрофлича ўрганар экан, Сардорбек  Рахмонқуловнинг ўз қилмишига иқрор ва пушаймонлиги, унга нисбатан енгиллик бериш ҳақидаги кафолат хатларини инобатга олган ҳолда ҳамда инсонпарварлик ва одиллик тамойилларига асосланиб қарор чиқарди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Сардорбек Раҳмонқулов 2001 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университети 4-курс талабаси. У жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш айблови билан озодликдан маҳрум қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг