Тошкент ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рейтингида яна 1-ўринга чиқди
Жамият
−
29 Февраль
4943Бугун, 29 февраль куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент дунёнинг йирик шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича яна 1-ўринга чиқди. Бу бўйича маълумотлар реал вақт режимида фаолият юритувчи IQAir порталида эълон қилинди.
Унга кўра, соат 11:00 атрофида Тошкент ҳавосида майда PM2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 171 мкг/м3 ни ташкил этган. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган ўртача ҳаво сифати кўрсаткичидан 34,2 баробарга кўп. Ҳозирда шаҳар ҳавоси сифати “жуда зарарли” таснифида турибди.
Рейтингда 2-ўринни Покистоннинг Лаҳор шаҳри, 3-ўринни эса Бангладешнинг Дакка шаҳри эгаллаган. Уларда PM2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 136,6 мкг/м3 ва 119 мкг/м3 ни ташкил этади.
Кейинги поғоналарни Кампала (Бангладеш), Бишкек (Қирғизистон), Катманду (Непал), Деҳли (Ҳиндистон), Ухан (Хитой), Карачи (Покистон), Мумбай (Ҳиндистон) шаҳарлари эгаллаган.
ЖССТга кўра, ҳавонинг ифлосланиш кўрсаткичлари орасида саломатлик учун энг катта хавф туғдирадигани айнан PM2,5 дисперс зарраларидир.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни ҳам Тошкент шаҳри дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳар бўлганди. Ўшанда PM2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 196 мкг/м3 ни ташкил этганди.