“Толибон” Тожикистон билан чегарадаги постни эгаллаб олди

Олам

image
0:00
0:00
download

Кеча, 27 июнь куни Афғонистоннинг Балх вилояти Калдор туманининг Укчук чегара назорат нуқтасига “Толибон” ҳужум қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Қайд этилишича, тўқнашув маҳаллий вақт билан соат 12:50 гача давом этган ва пост “Толибон” назоратига ўтган. Тўқнашув натижасида 17 нафар ҳукумат аскари ўз ҳаётини қутқариш учун Шаҳритус биринчи чегара пости орқали Тожикистон ҳудудига чекинишга мажбур бўлган. 

Маълум қилинишича, инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларига амал қилган тожик чегарачилари давлат чегарасини бузиб ўтган афғон ҳарбийларига ўз ҳудудига эркин киришга рухсат берган. Бироқ чегара ҳудудида ҳамон вазият кескин. “Толибон” ва Афғонистон ҳукумати кучлари ўртасида жанглар давом этмоқда.

Аввалроқ, “Толибон” Афғонистон ҳукумати ва бошқа барча томонлар билан тинч келишувга эришмоқчи эканини айтиб, баёнот билан чиққани ҳақида хабар берган эдик.

Фаоллашиб қолган “Толибон”

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.

"Толибон" фаоллашиши ортидан ҳудудларни бой бериш бошлангач, Афғонистон Президенти Ашраф Ғани АҚШга сафар қилиб, Президент Жо Байден билан учрашди. Байден АҚШ қўшинлари Афғонистондан кетгани билан мамлакатга ёрдам кўрсатиш тўхтатилмаслигини маълум қилди. Хусусан, расмий Вашингтон Кобулга 3 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.  

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.

 

Диёра Абдураҳмонова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Афғонистон АҚШ Толибон

Баҳолаганлар

192

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг