Байден-Ғани учрашуви: 20 йил деганда кетаётган АҚШ Афғонистонга нималар ваъда қилмоқда?

Олам 12737
image

Аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден Оқ уйда Афғонистон Президенти Ашраф Ғани ва Миллий ярашув бўйича Олий кенгаш раиси Абдулла Абдуллани қабул қилгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу учрашув АҚШ қўшинларининг 20 йил деганда Афғонистонни тарк этиши ҳамда “Толибон” ҳаракатининг фаоллашиб қолгани фонида ташкил этилди.

Учрашувда Президент Байден Ғани ва Абдуллани “қадрдон дўстлар” деб атаб, АҚШ Афғонистонни қўллаб-қувватлашдан тўхтамаслигини, ҳатто Америка қўшинлари мамлакатдан олиб чиқилишига қарамай ёрдам беришда давом этишини айтган.

“Афғонистонликлар ўзларининг келажагини, нимани хоҳлашларини ўзлари белгилаши керак бўлади”, дейди Байден.

Президент Ғанининг Байден билан учрашувда маълум қилишича, афғон хавфсизлик кучлари кеча, 25 июнь куни олтита туманни толиблардан қайтариб олган. Бундан ташқари у Байденнинг қарорини ҳурмат қилишини ҳамда АҚШ ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга ўтаётганини таъкидлаган.

“Биз бирдамликка, изчилликка эришишга қатъий қарор қилдик”, дейди Ғани.

Қайд этиш керакки, АҚШнинг ҳар қандай ёрдами каби Оқ уйдаги учрашув ҳам Ғани учун катта рамзий аҳамиятга эга: “Толибон” ҳужумига, портлаш ва қотилликлар, COVID-19 ва Кобулдаги сиёсий курашда Байденнинг Афғонистон раҳбарини қўллаб-қувватлашининг тасдиғи.

Молиявий ёрдам

“АҚШ маъмурияти Кобулдаги расмийларга молиявий кўмак беришда давом этади. АҚШ Конгресси жорий йил афғон хавфсизлик кучларига 3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратилишини маъқуллади”, дейилади Оқ уй бёнотида.

Хабарга кўра, ушбу маблағлар Афғонистон хавфсизлик кучларига ёрдам бериш учун АҚШ Мудофаа вазирлиги фонди орқали ажратилади. Бундан ташқари, Давлат департаменти ва унинг таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт агентлиги Кобулга “фуқаролик ёрдами” кўринишида қўшимча 300 миллион АҚШ доллари беради.

2022 йилда АҚШ Президенти қонун чиқарувчи ҳокимиятдан яна 364 миллион АҚШ доллари ажратишни сўрайди, дейилади Оқ уй баёнотида. Умуман олганда, Америка ҳукуматининг кўрсатмаларига кўра, 2002 йилдан бери Қўшма Штатлар Афғонистонга деярли 88 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам, 36 миллиард долларлик фуқаролик ёрдами ва 3,9 миллиард долларга яқин гуманитар ёрдам кўрсатган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 578
Рейтинг: 2.9
t
×