“Толибон” Термиздан 58 км узоқликдаги шаҳарга ҳужум бошлади
Олам
−
14 Август 2021
26791Бугун, 14 август куни “Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг шимолидаги Балх вилояти маъмурий марказига ҳужум бошлади. Бу ҳақда “Associated Press” нашри маҳаллий депутатларга таяниб, хабар бермоқда.
Депутатнинг сўзларига кўра, “Толибон” мамлакат шимолида жойлашган Мозори-Шариф шаҳрига ҳам ҳужумни бошлаган. Ушбу ахборотни ҳаракат расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид ҳам тасдиқлаган.
“Балх вилояти маркази Мозори-Шариф шаҳри атрофида оғир жанглар давом этмоқда. Ислом Амирлигининг (Афғонистоннинг “Толибон” ҳукмронлиги давридаги номи) мужоҳидлари шаҳарнинг ҳар тарафидан душман нишонларига қарши аниқ ва тезкор операцияларни бошлади. Янги маълумотларга кўра, душман зарар кўрди ва мужоҳидлар олдинга силжишмоқда. Батафсил кейинроқ”, дея қайд этган “Толибон” вакили Twitter саҳифасида.
Маълумот ўринда, Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳри Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридан тўғридан-тўғри ҳисоблаганда 58 км, автомобиль йўли билан эса 100 км узоқликда жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 14 август куни “Толибон” Қобул шаҳрига янада яқинлашди. Ҳаракат жангарилари айни вақтда пойтахтдан 11 км узоқликда жойлашган Чор-Осиёб туманида бўлиб турибди.
Сўнгги пайтларда Афғонистондаги вазият янада кескинлашди. “Толибон” Афғонистондаги бир неча стратегик аҳамиятга эга бўлган объектларни, жумладан мамлакатнинг иккинчи энг йирик шаҳри — Қандаҳор, Ғазни ва Ҳиротни эгаллаб олди. ОАВда эса мамлакат Президенти Ашраф Ғанининг Афғонистонни тарк этиши ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси