“Толибон” Қобулга яқинлашмоқда. Пойтахтга 11 км қолди (видео)
Олам
−
14 Август 2021
19449Толиблар Афғонистоннинг Логар вилоятини тўлиқ эгаллаб олди. Ҳаракат жангарилари пойтахт Қобулдан 11 км узоқликда жойлашган Чор-Осиёб туманига етиб келди. Бу ҳақда “Associated Press” нашри маҳаллий депутатларга таяниб, хабар бермоқда.
“Толиблар бутун Логарни эгаллаб, вилоят расмийларини ҳибсга олди. Улар пойтахт Қобулдан 11 километр жанубда жойлашган Чор-Осиёб ҳудудига етиб келди”, дейди депутат Хода Аҳмадий.
Twitter ижтимоий тармоғидаги хабарларга кўра, “Толибон” “Қобул дарвозаси”, деб аталадиган Вардак вилояти маркази Майдон Шаҳрга кириб келган. Қайд этиш керак, ушбу шаҳар Қобул билан тўғридан-тўғри боғлаб турувчи 0101 миллий магистрал йўлида жойлашган.
Сўнгги пайтларда Афғонистондаги вазият янада кескинлашди. “Толибон” Афғонистондаги бир неча стратегик аҳамиятга эга бўлган объектларни, жумладан мамлакатнинг иккинчи энг йирик шаҳри — Қандаҳор, Ғазни ва Ҳиротни эгаллаб олди. ОАВда эса мамлакат Президенти Ашраф Ғанининг Афғонистонни тарк этиши ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси