“Толибон” Рамазон ҳайити муносабати билан қуролли ҳаракатларни тўхтатди
Олам
−
10 Май 2021
4698“Толибон” ҳаракати яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайит байрами муносабати билан Афғонистонда уч кун ўқ узишни тўхтатиш ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда “Анадолу” ёзмоқда.
Маълум қилинишича, Афғонистон бўйлаб толибларга ҳукумат кучлари назоратидаги ҳудудларда қурол ишлатмаслик бўйича кўрсатма берилган. Шу билан бирга, расмий Кобулнинг ҳар қандай операциясига ҳаракат томонидан зудлик билан жавоб қайтарилиши таъкидланган.
Афғонистон ҳукумати толибларнинг ушбу баёнотига ҳанузгача изоҳ бермаган.
АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиши фонида сўнгги 10 кун ичида мамлакатда кескинлик ошиб кетди. Сўнгги пайтларда Ғарб ОАВда Афғонистондан олиб чиқиладиган қўшин Марказий Осиё давлатларидан бирига жойлаштирилиши, бунда Ўзбекистон ва Тожикистон географик нуқтаи назардан энг мақбул вариант эканлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ушбу хабарлар юзасидан қуйидагича муносабат билдирди:
“Мудофаа соҳасидаги асосий ҳужжатларда бу масалага аниқ ва тиниқ жавоб кўрсатилган – Ўзбекистон ўз ҳудудига хорижий ҳарбий база ва объектлар жойлаштирилишга йўл қўймайди”.
Чет эл қўшинлари Афғонистонни тарк этишни бошлаганидан бери ҳақиқатан ҳам мамлакатда теракт ва қўпорувчилик ҳаракатлари кўпайган.
Жумладан, 8 май куни Афғонистон пойтахти Кобулда қатор портлашлар юз берди. Оқибатда камида 55 киши ҳалок бўлди, 150 га яқин жароҳатланди. Воқеа шаҳар мактабларидан бирида содир бўлган ва вафот этганларнинг асосий қисмини 11-15 ёшдаги ўқувчи қизлар ташкил этган.
Шундан сўнг Афғонистон Президенти Ашраф Ғани воқеани теракт (террорчилик ҳаракати) деб баҳолаб, 11 майни миллий мотам куни деб эълон қилди. У, шунингдек бу портлашларда “Толибон” ҳаракатини айблаган. Бироқ, “Толибон” ўзларининг портлашларга алоқаси йўқлигини айтиб, воқеани қоралади.
Ўз навбатида, АҚШ ва Хитой ушбу фожиа юзасида муносабат билдириб, вафот этган мактаб ўқувчиларининг яқинларига ҳамдардлик билдирди.
Бундан аввал, май ойининг бошида мамлакатнинг Логар вилоятида ҳам бомба портлаши оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлиб, 60 га яқин одам жароҳат олганди. Бу воқеа Америка коалицияси қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиши бошланган куннинг эртасига юз берди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолаганди. Келишувларга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди.
Бироқ, бу жараён Америка томонидан кечиктирилди. 14 апрель куни мамлакат Президенти Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунлангани ва 1 майдан бошлаб мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, Қўшма Штатлар бу давлатдаги ҳарбийларини 2021 йил 11 сентябрга қадар олиб чиқиб кетади. Афғонистон расмийларига кўра, ўшандан бери “Толибон” мамлакат бўйлаб ҳужумларни кучайтирган.
LiveБарчаси