“Толибон” Панжшернинг стратегик муҳим ҳудудини эгаллади

Олам

image

“Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг Панжшер вилоятидаги стратегик муҳим аҳамиятга эга Хинж ҳамда Аннаба туманини эгаллади. Бу ҳақда толиблар вакили Билол Карими ўзининг “Twitter” саҳифасида маълум қилган.

“Панжшернинг энг стратегик тумани Хинж ва вилоят марказидан унча узоқ бўлмаган Аннаба тумани тўлиқ эгалланди. Фақатгина Абшар тумани бош биноси қолди”, деган у.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирча тўртта туман: Шутал, Аннаба, Парьян ва Хинж толиблар қўлига ўтган. У ҳаракат жангарилари вилоят маркази томон ҳаракатланаётганини қўшимча қилган.

Аввалроқ, Панжшер вилояти эгаллангани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ, қаршилик кучлари бу маълумотни рад этди. Умуман олганда томонлар бир-бирига зид бўлган ахборотларни тарқатмоқда. Шу сабабдан ҳозирча қайси ҳудудлар толиблар томонидан эгалланган, қайсилари эса Афғонистон миллий қаршилик фронти назоратида эканини айтиш мушкул.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Қайд этиш керакки, ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон Панжшер

Баҳолаганлар

180

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг