“Толибон” фермерларга кўкнор етиштиришни тақиқлади – ОАВ
Олам
−
29 Август 2021
21307Афғонистонда ҳокимиятга келган “Толибон” ҳаракати маҳаллий фермерларга афюн олинадиган кўкнор етиштиришни тақиқлади. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Баъзи йирик кўкнор етиштириладиган ҳудудлар аҳолиси “Толибон” раҳбарлари ушбу ўсимликни етиштиришни тақиқлаганини айтган. Бу бутун мамлакат бўйлаб хомашё нархининг кескин кўтарилишига олиб келган.
Жангарилар шу кунларда мамлакатнинг афюн ишлаб чиқариладиган асосий минтақаларидан бири бўлган Қандаҳор вилоятида фермерлар билан бир неча учрашув ўтказган. “Толибон” вакиллари наркотик ишлаб чиқариш тақиқланаёганини айтган ва заъфарон етиштиришни бошлаш ҳақида маслаҳат берган.
Тақиқлар жорий йилнинг 18 август куни “Толибон” матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳиднинг янги ҳукумат мамлакатда гиёҳванд модда савдосига рухсат бермаслиги ҳақидаги баёноти ортидан жорий қилинган.
Қандаҳор, Урузгон ва Ҳильменд вилоятларидаги маҳаллий фермерлар афюн хомашёсининг нархи килограмига 70 доллардан 200 долларгача кўтарилганини айтган. Мамлакат шимолидаги Мозори-Шариф шаҳрида афюн баҳоси икки баравар кўтарилган.
“Агар толиблар кўкнор етиштиришни тақиқласа, одамлар очликдан ўлади. Биз ҳамон кўкнор етишитиршга рухсат беришларига умид қиламиз. Ҳеч нима кўкнор етиштиришдан келадиган даромадимиз ўрнини босолмайди”, деган Урузгон вилоятидаги фермерлардан бири “The Wall Street Journal”га.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси