“Толибон” АҚШга “қизил чизиқ”ни кўрсатди
Олам
−
23 Август 2021
23588“Толибон” АҚШ қўшинларининг икки томонлама шартномаларда белгиланган муддат — 31 августдан кейин ҳам Афғонистонда қолишини “истилонинг давоми”, деб ҳисоблайди.
“Бу тегишли “оқибатлар”га олиб келиши мумкин. Бу “қизил чизиқ”. Президент Байден 31 августда барча ҳарбий кучларини олиб чиқиб кетишини эълон қилди. Шунинг учун, агар улар Афғонистонда бўлиш вақтини узайтирса, бу уларнинг истилони кенгайтираётганини англатади, бунга эса зарурат йўқ”, деган толибларнинг сиёсий идораси вакили Муҳаммад Суҳайл Шоҳин.
Унинг сўзларига кўра, бу “Толибон” ва АҚШ ўртасида “ишончсизлик”ни келтириб чиқариши мумкин.
“Агар улар истилони давом эттириш ниятида бўлса, бу реакцияга сабаб бўлади”, деб қўшимча қилган Шоҳин.
Аввалроқ, Жо Байден Афғонистон фуқаролари тўлиқ эвакуация қилинмагунча Америка ҳарбийлари мамлакатда қолишини айтиб ўтганди.
Байден 65 минг чет эллик ва мамлакатни тарк этмоқчи бўлган афғонларни эвакуация қилишдаги қийинчиликлар туфайли Қобул аэропортига ҳаво портини қўриқлаш учун яна 5 минг америкалик аскар юборган.
Эслатиб ўтамиз, Aфғонистон Ислом Республикаси энди йўқ. Жорий йилнинг 15 август куни ҳокимият “Толибон” ҳаракати назоратига ўтди. Ўша куни Президент Aшраф Ғани истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Aмирлиги тузилганини эълон қилди.
Афғонистонда ҳокимият толиблар қўлига ўтиши билан, мамлакатни тарк этишни истовчилар сони кескин ошиб кетди. Бу эса Қобул аэропортида ваҳима ва талотўпларни юзага келтирди. Саросимага тушган афғонистонликлар аэропортни бошига кўтариб, дуч келган самолётга осилди. Ушбу ҳолатда америкалик ҳарбийлар дастлаб, ҳавога, кейин одамларга қарата ўқ узишгача борган. Оқибатда бир неча киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Бундан ташқари, учиб кетаётган самолёт кузовига осилган афғонистонликларнинг йиқилиб ўлиши ҳолатлари ҳам кузатилди.
Аввалроқ, сўнгги бир ҳафтада Қобул аэропортидаги эвакуация жараёнларида камида 20 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар бергандик.
LiveБарчаси