Қобул аэропортидаги талотўп неча кишининг бошига етгани маълум бўлди
Олам
−
22 Август 2021
13244Сўнгги бир ҳафтада Қобул аэропортидаги эвакуация жараёнларида камида 20 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги бугун, 22 август куни НАТО вакилига таяниб хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва бошқа давлатлар ўз фуқароларини ва бошпана сўраган афғонистонликларни эвакуация қилиш бўйича операцияларни олиб бормоқда. Лекин бу жараён Қобул аэропортида ҳар куни мамлакатни тарк этишга уринаётганлар сони ортиб бораётгани билан мураккаблашмоқда.
“Бизнинг кучларимиз “Толибон” билан тўқнашувларни олдини олиш мақсадида Қобул аэропортининг ташқи ҳудудларига чиқмай, масофани ушлаб турибди. Биз барча чет эл фуқароларини энг қисқа вақт ичида эвакуация қилишга эътибор қаратмоқдамиз”, дейди НАТО вакили.
Қайд этиш керакки, Афғонистонда ҳокимият толиблар қўлига ўтиши билан, мамлакатни тарк этишни истовчилар сони кескин ошиб кетди. Бу эса Қобул аэропортида ваҳим ва талотўпларни юзага келтирди. Саросимага тушган афғонистонликлар аэропортни бошига кўтариб, дуч келган самолётга осилди. Ушбу ҳолатда америкалик ҳарбийлар дастлаб, ҳавога, кейин одамларга қарата ўқ узишгача борган. Оқибатда бир неча киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Бундан ташқари, учиб кетаётган самолёт кузовига осилган афғонистонликларнинг йиқилиб ўлиши ҳолатлари ҳам кузатилди.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди.
Афғонистондаги давлат тўнтариши
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси