“Толибон” Афғонистондаги чет эл қўшинларига ҳужум уюштириш билан таҳдид қилди
Олам
−
26 Март 2021
7680Толибон ҳаракати хорижий қўшинларнинг Афғонистондан чиқарилишини кечиктириш Доҳада эришилган тинчлик келишувининг бузилиши сифатида баҳоланишидан огоҳлантирди. Бу ҳақда бугун, 26 март куни “TOLOnews” телеканали маълум қилди.
Толибларнинг таъкидлашича, бу ҳолда Афғонистондаги зўравонликнинг давом этишига шартнома шартларини бажармаганлар айбдор бўлади.
Ҳаракат, шунингдек, агар чет эл қўшинлари 1 майга қадар мамлакатдан олиб чиқилмаса, уларга нисбатан ҳужум уюштиришга тайёрлигини эълон қилган.
Аввалроқ, 24 март куни АҚШ Президенти Жо Байден Афғонистондан қўшинларни ўз вақтида олиб чиқиш қийинлигини таъкидлаган эди.
Бундан ташқари, Пентагон ҳам АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилмаганини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва Толибон Доҳада тинчлик шартномасини имзолаганди. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ, жорий йил январь ойида АҚШнинг янги Президенти Жо Байден маъмурияти Толибон билан тузилган шартномани қайта кўриб чиқиш ниятида эканини эълон қилди.
Маълумот ўрнида, Афғонистонга чет эл қўшинлари (НАТО аскарлари – таҳр.) 2001 йилда АҚШда юз берган терактдан сўнг киритилган.
LiveБарчаси