“Толибон” Ҳиротдаги аёллар кафесини ёпди
Олам
−
25 Ноябрь
2329Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Ҳирот шаҳридаги аёллар кафесининг фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда “Hasht-e Subh Daily” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Афғонистон муваққат ҳукуматининг Ҳиротдаги штаб-квартираси кафе ёпилганини тасдиқлаган. Манбаларга кўра, “Толибон” аниқ бир сабаб кўрсатмай, кафени муҳрлаб қўйган. Ўзини “Толибон” деб таништирган гуруҳ агентлари аввалроқ кафеларни ёпиш билан таҳдид қилган. Улар кафелардаги аёллар ҳижобга риоя этмаслиги, мусиқа тинглашда давом этишини даъво қилган.
Маҳаллий манбаларга кўра, ҳозирда Ҳирот шаҳрида аёллар учун фақат бешта кафе фаолият юритмоқда. Мазкур емакхоналар “Толибон” эркаклар бор жойларга аёллар ташриф буюришини тақиқлагандан сўнг аёл тадбиркорлар томонидан очилган.
Ушбу кафелар бошқарувчилари, “KabulNow” нашрига берган интервьюсида “Толибон”яқинда уларнинг бизнесларини ёпиш билан таҳдид қилганини тасдиқлаган.
Шунингдек, “Толибон” расмийлари бу кафеларда мусиқа чалинаётгани, аёлларни нотўғри ҳижобда бўлишига ва тамаки чекишга рухсат берилаётганини иддао қилмоқда. Аммо кафе бошқарувчилари бу айбловларни рад этиб, улар фақат “Толибон” томонидан белгиланган барча қонун-қоидаларга амал қилинаётганини таъкидлаган.
Кафе эгалари, шунингдек, ҳукумат расмийлари шаҳар марказидаги аёллар учун ягона йиғилиш жойи бўлган кафеларни ёпиш учун баҳона излаётганини, аёлларни психологик босимдан қутулиш, қаҳва ичиш ёки ўқиш учун тўпланиши мумкин бўлган ягона имкониятдан маҳрум қилмоқчилигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил август ойида Афғонистонда “Толибон” ҳокимиятни қўлга киритганидан бери бу мамлакатда аёлларга таълим олиш, эркак ҳамроҳлигисиз саёҳат қилиш ва жамоат жойларида, айниқса эркаклар билан гаплашиш ҳатто савдолашиш ҳам тақиқланган. Шунингдек, уларга паркларга ташриф буюриш, сузиш ёки спорт билан шуғулланиш ман этилади. Гўзаллик салонлари ҳам тақиқланган. Аёллар паранжиларсиз кўчада юра олмайди. Аммо шу билан бирга, аёлларга нисбатан зўравонлик тўғрисидаги қонун бекор қилинган. Бунгача аёллар кўпинча оммавий равишда калтакланарди ва ғайриисломий хатти-ҳаракатлар учун қамоққа ташланарди.
LiveБарчаси