ТИВ хориждаги ўзбекистонликлар ва мамлакатдаги хорижликларга мурожаат йўллади
Жамият
−
15 Март 2020
7447Ўзбекистонга коронавирус кириши муносабати билан Бош вазир қарори билан махсус чекловлар белгиланди ва шу чоралар доирасида Ўзбекистонга хорижий давлатлардан кириш ва мамлакатдан чиқиш тақиқланди. Шу муносабат билан Ташқи ишлар вазирлиги чет эллардаги ўзбекистонликлар ва Ўзбекистондаги хорижликларга мурожаат билан чиқди.
Унга кўра, хориждаги Ўзбекистон фуқароларига Ватанга қайтиш учун давлат чегарасидан ўтиш тақиқланмайди. Ўзбекистон ҳудудига киришга қўйилган чекловлар, авваламбор, бошқа давлатларнинг фуқароларига тегишли.
Шу билан бирга, давлатдан ташқарига чиқиш бўйича вақтинча тақиқ Ўзбекистон фуқароларига тегишли бўлиб, ҳозирда мамлакатда бўлиб турган хорижий фуқароларга нисбатан қўлланилмайди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 15 март куни соат 06:00 да Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди. Ушбу вирусни юқтириб олган фуқаро жорий йилнинг 11 март куни Франциянинг Париж шаҳридан қайтган. Вирус билан оғриган ўзбекистонлик аёл олий тоифали шифокор бўлган.
Маълумот учун, дунё бўйича 156 740 киши коронавирусга чалинган, уларнинг 5839 нафари вафот этган, 75 935 нафари касалликдан фориғ бўлган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.