TikTok ортидаги сирли миллиардер Хитойнинг энг бой одами бўлди
Олам
−
31 Октябрь
9088TikTok’нинг дунё бўйлаб машҳурлиги янги авлод ижтимоий тармоқ юлдузларини кашф қилиш билан бирга Хитойнинг энг бой одамининг ўзгаришига ҳам сабаб бўлди. Бу ҳақда “Business Insider” хабар берди.
Жорий йил 29 октябрь куни эълон қилинган маълумотларга кўра, TikTok’нинг бош компанияси ByteDance асосчиси – 41 ёшли дастурчи Чжан Иминнинг бойлиги ҳозирда 49,3 миллиард долларни ташкил этмоқда ва шу орқали у 2023 йилдаги Хитойнинг энг бой одами бўлган Чжун Шаньшанни қувиб ўтиб, унинг ўрнини эгаллади. Чжан жуда сирли шахс бўлиб, унинг шахсий ҳаёти ҳақида кўп маълумотлар оммага маълум эмас. Бироқ яқинда у Хитойнинг энг бой одами деб эълон қилиниши ортидан яна диққат марказига тушди. ByteDance’ни деярли ўн йил бошқарганидан сўнг, Чжан 2021 йилда бош директор лавозимидан кетган.
“Мен унчалик ижтимоий эмасман. Онлайн бўлиш, китоб ўқиш, мусиқа тинглаш ва имкониятлар ҳақида ўйлаш каби ёлғиз фаолиятларни афзал кўраман… Тўғрисини айтсам, менда идеал менежер бўлиш учун етарли кўникмалар йўқ”, деб айтган шунда у ходимларига.
Шунингдек, у ўзини одамларни бевосита бошқаришни ўз ичига олмаган роль орқали компанияга кўпроқ фойда келтира олишини таъкидлаган.
“Bloomberg” нашрига кўра, Чжан Имингнинг ота-онаси давлат хизматчиси бўлиб ишлаган. Маҳаллий ОАВга кўра, унинг исми “барчани биринчи уринишда ҳайратга солиш” ҳақидаги хитой мақолига асосланган. Чжан 2005 йилда Нанкай университетини тамомлаган. У дастлаб микроэлектроника бўйича ўқишни бошлаган, кейин эса мутахассислигини дастурий инжинирингга ўзгартирган. Чжан университетда ўзи билан бирга ўқиган курсдошига уйланган.
Маълумотларга кўра, Чжан дастлаб Kuxun компаниясида муҳандис бўлган, шунга қарамай у ердаги фаолиятининг иккинчи йилида 40-50 кишилик жамоани бошқарган. У бу ишда ByteDance’ни ривожлантиришда ёрдам берган савдо кўникмаларини ўрганганини айтади, жумладан, “қайси савдо турлари самарали” эканини тушунган.
“Ўша пайтда мен технология учун жавобгар эдим, лекин маҳсулотда муаммолар юзага келганда, маҳсулот режасини муҳокама қилишда ҳам фаол қатнашардим. Кўп одамлар бу мен қиладиган иш эмас, дейишарди. Аммо мен айтмоқчиман: сизнинг масъулият ҳиссингиз ва ишларни яхши бажариш истагингиз сизни кўпроқ нарсаларни қилишга ва тажриба орттиришга ундайди”, деган Чжан.
“South China Morning Post” нашрига кўра, Чжан АҚШнинг Microsoft компаниясида ҳам ишлаган. Microsoft Хитойда бир нечта ижтимоий тармоқ иловаларига эгалик қилади. Аммо Чжан компания қоидалари уни чеклаб қўйганини ҳис қилиб, тез орада Microsoft’дан чиқиб кетади. Шундан сўнг, у бир нечта стартапларда ишлайди. ByteDance’га эса 2012 йилда хонадоши билан асос солган.
“Forbes” 2013 йилда Чжан Иминни Хитойнинг 30 ёшгача бўлган энг яхши 30 киши рўйхатига киритган. 2018 йилда эса у “Fortune” журналининг 40 ёшгача бўлган энг яхши 40 киши рўйхатига киритилган. Чжан 2019 йилда “Time” журналининг энг таъсирли 100 одамидан бири деб эътироф этилган.
“Forbes” биринчи марта 2018 йил март ойида Чжанни миллиардер деб эълон қилган ва унинг бойлигини 4 миллиард долларга баҳолаган. Жорий йилнинг 29 октябрь куни эълон қилинган “Ҳурун Хитой бойлари рўйхатида” у мамлакатнинг энг бой одами сифатида 49,3 миллиард доллар бойлик билан қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, Американинг “Forbes” журнали дунёнинг энг бой миллиардерларининг 38 йиллик рейтингини тақдим этган, рўйхатда кетма-кет иккинчи йил биринчи ўринни Louis Vuitton, Fendi, Givenchy, Christian Dior, Hennessy, Dom Perignon, Tiffany & Co компанияларига эгалик қилувчи LVMH конгломерати раҳбари француз Бернард Арно эгаллаганди. Рўйхатнинг иккинчи ўрнини эгаллаган Tesla ва SpaceX раҳбари Илон Маск эса 3 йил ичида триллионерга айланиши прогноз қилинганди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь