Тихановская Киевга миннатдорлик билдирди
Олам
−
10 Июль 2021
5213Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская Литвада Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашгани ҳақида гапирди. Бу ҳақда “Сегодня” нашри хабар бермоқда.
“Ўтган куни Литвада бўлиб ўтган тадбирда жаноб Зеленский билан кўришдик. Бизда расмий учрашувлар бўлмаган, аммо Украинанинг қўллаб-қувватлашини қай даражада ҳис қилаётганимизни биласизми?”, деган у.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, у Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан ҳам учрашган. Бундан ташқари, Тихановская Киевга Беларусдан кўчиб келаётган Республика Президенти Александр Лукашенко режимининг мухолифларини қабул қилгани учун миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Литва Тихановскаянинг идорасига дипломатик мақом бергани ҳақида хабар бергандик. Таъкидланишича, бу қадам Литва ҳукуматининг “Беларусь халқи ва Тихановскаяни қўллаб-қувватлаш” сиёсатининг давомидир.
Аввалроқ, Тихановская АҚШ Конгрессида онлайн форматда чиқиш қилгани айтилганди. У нутқи чоғида “Беларуськалия” ва Мозир нефтни қайта ишлаш заводларига қарши санкциялар қўллашни талаб қилганди.
Бунгача, Светлана Тихановская Чехия парламенти Сенатида Беларусь раҳбари сифатида қабул қилинганди.
Маълумот ўрнида, сўнгги вақтларда Беларусда ички сиёсий мувозанат бузилган. Бунинг илдизи 2020 йилнинг август ойида мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларига бориб тақалади. Сайлов натижаларига кўра, 80 фоиз овоз билан Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қилди. Бироқ ушбу натижалар аҳолининг катта қисмида шубҳа уйғотди ва мухолифатнинг чақируви билан мамлакатда намойишлар бошланди.
Бир неча ой давом этган митинг ва маршлар ҳеч қандай фойда келтирмади. Лукашенко ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолди. Мухолифат ҳамда унинг кўплаб тарафдорлари эса Польша, Литва каби Европа давлатларига қочиб кетди ва у ердан сиёсий бошпана топди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь