Тихановская АҚШ Сенатида чиқиш қилди
Олам
−
09 Июнь 2021
7977Беларусь президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская АҚШ Конгрессида онлайн форматда чиқиш қилди. У нутқи чоғида Республиканинг етакчи корхоналари, жумладан “Беларуськалия” ва Мозир нефтни қайта ишлаш заводларига қарши санкциялар қўллашни талаб қилди.
“Мен Америка Қўшма Штатларини Беларусдаги режимни молиялаштирадиган Лукашенконинг шерикларига, шу жумладан “Беларуськалия” ва Мозир нефтни қайта ишлаш заводи каби корхоналарга қарши санкциялар қўллашга чақираман”, дейди Беларусь мухолифати раҳбари АҚШ Сенатининг Ташқи ишлар қўмитасидаги чиқиши вақтида.
Тихановскаянинг сўзларига кўра, бундай санкцияларнинг киритилиши Беларусьда “ҳокимият алмашинувининг бошланишига туртки бўлиши мумкин”.
Бундан ташқари, Беларусь президентлигига собиқ номзод АҚШни G7 гуруҳи (“Катта еттилик”), НАТО, АҚШ-ЕИ саммитларида ҳамда Жо Байденнинг Россия раҳбари Владимир Путин билан яқин кунларда Женевада бўлиб ўтадиган учрашувида Республикадаги вазият мавзусини кўтаришга чақирган.
Маълумот ўрнида, сўнгги вақтларда Беларусда ички сиёсий мувозанат бузилган. Бунинг илдизи 2020 йилнинг август ойида мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларига бориб тақалади. Сайлов натижаларига кўра, 80 фоиз овоз билан Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қилди. Бироқ ушбу натижалар аҳолининг катта қисмида шубҳа уйғотди ва мухолифатнинг чақируви билан мамлакатда намойишлар бошланди.
Бир неча ой давом этган митинг ва маршлар ҳеч қандай фойда келтирмади. Лукашенко ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолди. Мухолифат ҳамда унинг кўплаб тарафдорлари эса Польша, Литва каби Европа давлатларига қочиб кетди ва у ердан сиёсий бошпана топди.
LiveБарчаси