“Бу Лукашенконинг қасоси”. Минскда Тихановская устидан суд бошланди

Олам

image

Бугун, 17 январь куни Минск шаҳар судида Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская устидан суд жараёни бошланди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” нашри хабар берди.

Тихановская билан бирга мухолифатчилар Павел Латушко, Мария Мороз, Ольга Ковалькова ва Сергей Дилевский айбланувчи сифатида судга чақирилган.

Барча судланувчилар давлат ҳокимиятини конституцияга хилоф тарзда эгаллаб олиш мақсадида фитна уюштириш, экстремистик гуруҳ тузиш ва бундай тузилмага раҳбарлик қилиш, давлат хавфсизлигига зарар етказишга қаратилган ҳаракатларда айбланган. Булардан ташқари, судланувчиларга яна бир нечта моддалар бўйича айблов қўйилган.

Тихановская қўшимча равишда давлатга хиёнат қилиш, оммавий тартибсизликларда иштирок этишга тайёргарлик кўриш, бино ва иншоотларни эгаллаб олиш, Марказий сайлов комиссияси ишига тўсқинлик қилишда айбланмоқда.

Барча судланувчиларга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.

Светлана Тихановская ўзининг сиртдан судланишини Беларусь фуқароси Александр Лукашенконинг қасоси деб атаган.

“Бу суд жараёнлари умуман суд эмас, бу шоу ва бунинг адолатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу Лукашенко ва унинг ёрдамчиларининг нафақат менга, балки унга қарши чиққан бошқа одамларга нисбатан шахсий қасоси”, дейди у.

Тихановскаянинг сўзларига кўра, унга суд ҳужжатлари билан танишишга рухсат берилмаган.

“Бу суд жараёни қанча давом этишини билмайман, лекин ишончим комилки, мени кўп йиллик қамоқ жазосига маҳкум этишади”, дейди Светлана Тихановская.

Маълумот учун, 2020 йил 9 август куни Беларусда бўлиб ўтган, Лукашенко олтинчи бор ғалаба қозонган президентлик сайловларидан сўнг мамлакатда мухолифатнинг оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Мухолифат Тихановскаяни президентлик сайловларида ғолиб деб ҳисоблади. Тихановская қатор жиноий ишлар бўйича айбланувчи бўлиб, террорчилик фаолиятига алоқадор шахслар рўйхатига киритилган.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Беларусь Тихановская

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг