Тиббиёт бўйича Нобель мукофоти ғолиблари эълон қилинди
Олам
−
07 Октябрь
58362024 йил учун физиология ёки тиббиёт бўйича Нобель мукофоти америкалик олимлар Виктор Амброз ва Гари Рувкунга микро RNKларни кашф этгани ва уларнинг ген экспрессиясини транскрипциядан кейинги тартибга солишдаги ролини ўрганиши учун берилди. Бу ҳақда бугун, 7 октябрь куни Швеция пойтахтида ушбу мукофотни топширувчи Стокгольмдаги Қироллик Каролинска тиббий-жарроҳлик институти маълум қилди.
Ҳозирда мукофот миқдори 11 миллион швед кронасини (тахминан 900 минг евро) ташкил этади. Тиббиёт бўйича Нобель мукофоти жами 114 марта берилган бўлиб, 2023 йилгача 227 нафар ғолиб аниқланган.
Маълумот учун, 2023 йилда физиология ёки тиббиёт бўйича Нобель мукофоти Пеньсилвания университети (АҚШ)дан Дрюв Вайсман ва Каталин Карикога берилган. Уларнинг ишлари коронавирусга қарши mRNK вакциналарини яратишга асос бўлди. 2022 йилда швед биологи Сванте Пабо тиббиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди. У йўқ бўлиб кетган гоминидлар геноми ва инсон эволюцияси соҳасидаги кашфиётлари учун лауреат бўлди.
2021 йилда америкалик тадқиқотчилар Дэвид Жулиус ва Ардем Патапутиан физиология ёки тиббиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган. Улар инсон организмига ҳарорат ва тегинишни сезиш имконини берувчи рецепторларни кашф этгани учун мукофотга сазовор бўлди. 2020 йилда гепатит С вирусини кашф этишга катта ҳисса қўшган америкалик вирусологлар Харви Альтер, Чарльз Райс ва британиялик Майкл Хоутон мукофот ғолиблари бўлди.
LiveБарчаси