The Best-2025: FIFA маросим санаси ва жойини эълон қилди

Спорт

image

FIFA 2025 йилги “The Best” мукофотларини топшириш маросимининг санаси ва ўтказилиш жойини расман маълум қилди. Унга кўра, ушбу тадбир эртага, 16 декабрь куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтади.

FIFA, шунингдек, барча номинациялар бўйича овоз бериш жараёни жорий йилнинг 28 ноябрь куни якунланганини тасдиқлади. Ғолибларни аниқлашда бутун дунё бўйлаб терма жамоалар бош мураббийлари ва сардорлари, спорт журналистлари ҳамда мухлислар иштирок этган. Умумий ҳисобда 16 миллиондан ортиқ овоз берилган. Бу, айниқса, йилнинг энг яхши эркак ва аёл футболчиси номинацияларида мухлислар фикрининг катта аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда.

“The Best” мукофоти жаҳон футболидаги энг нуфузли индивидуал совринлардан бири ҳисобланади. Маросим доирасида йилнинг энг яхши эркак ва аёл футболчилари, мураббийлари тақдирланади, шунингдек, FIFA томонидан таъсис этилган бир қатор махсус мукофотлар ҳам топширилади.

Маълумот учун, ўтган йили асосий совринлар “Реал Мадрид” футболчиси Винисиус Жуниор ҳамда “Барселона” ва Испания терма жамоаси ярим ҳимоячиси Айтана Бонматига насиб этган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ FIFA йилнинг энг яхши футболчисига бериладиган нуфузли “The Best-2025” мукофоти учун 11 нафар номзод рўйхатини эълон қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Доҳа FIFA “The Best”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг