Тейлор Свифт сайёрадаги энг нуфузли аёллар бешлигидан жой олди
Маданият-санъат
−
07 Декабрь 2023
6531Америкалик қўшиқчи Тейлор Свифт дунёнинг энг нуфузли аёллари бешлигидан ўрин эгаллаган биринчи қўшиқчи деб топилди. “Forbes” журнали ўз рейтингида 33 ёшли хонандани машҳур аёл сиёсатчилардан кейин бешинчи ўринга лойиқ кўрди.
Тейлор Свифтнинг 1,1 миллиард долларлик бойлиги ва барча рекордларни янгилаган гастрол сафарлари қўшиқчига мазкур рейтингдан жой олишига ёрдам берди.
Жорий йилда бўлиб ўтган “Eras tour” гастролида Свифтнинг ретроспективи ва ўнинчи альбоми дунё юзини кўрди. Бу йирик молиявий ҳодисага ҳам айланди, чунки гастрол ижрочига чипталар сотувидан 780 миллион доллардан кўпроқ даромад келтирди ва анча йиллардан бери энг даромадли сафар деб топилди.
Бундан ташқари, Тейлор Свифтинг “Eras tour” номли ҳужжатли фильми ижодкорга бутун дунё бўйлаб 200 миллион доллардан ортиқ фойда келтирган.
Қайд этилишича, Тайлор Свифтнинг концертлари улар ўтказиладиган мамлакатда инфляцияни вужудга келтирган ҳам бўлиши мумкин. “Moody’s”экспертлари қўшиқчининг ташрифи билан давлатларда иқтисодий динамика тезлашгани, бар ва ресторанларда тушумлар ўсиб боргани, такси хизматлари ва жамоат транспортларига талаб ортганини қайд этган.
Айтиш жоизки, ўтган йили Тейлор худди шу рўйхатда 79-ўринни эгаллаган. Бу йилги рейтингда эса бошқа машҳур санъаткорлар, хусусан, Бейонсе 36-ўрин, Рианна эса 74-ўриндан жой олган.
Маълумот учун, бу йилги дунёдаги энг нуфузли аёли сифатида рейтингда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен келтирилган. Унинг қарорлари Европадаги 450 миллион кишига таъсир қилиши айтилган. Иккинчи ўринда Европа Марказий банки президенти Кристин Лагард, кейинги ўринларда эса АҚШ вице-президенти Камала Харрис ва Италия бош вазири Гиоргиа Мелонилар ўрин эгаллаган. Илгари бу мамлакатларда аёллар бундай юқори лавозимлардан жой олмаган.
Эслатиб ўтамиз, Жорий йилнинг июль ойида Тейлор Свифтнинг Сиетлдаги иккита концерти ўша ҳудудда 2,3 балли зилзилаларга сабаб бўлган эди.
LiveБарчаси